Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса 25 сентябр куни соат 22:45 ларда Кичик ҳалқа автомобил йўлида, 83-мактаб қаршисида содир бўлган.
Мототранспорт воситасини бошқариб кетаётган Ж.Ш. оралиқ масофани сақлай олмасдан, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган, 1994 йилда туғилган Т.Л. бошқарувидаги ГАЗ-5312 билан тўқнашган.
Шундан сўнг мототранспорт ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишда келаётган, 2001 йилда туғилган Ш.С. бошқарувидаги Kia K5 автомобили билан ҳам тўқнашган.
Ж.Ш.га тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, у шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЙҲХБ мототранспорт ҳайдовчиларини оралиқ масофани сақлаш ва белгиланган тезлик меъёрларига риоя қилишга чақирган.

















