Спорт | 13:57 / 06.08.2018
17546
2 дақиқада ўқилади

Эктор Купернинг ишига ҳеч ким аралашмайди - Аҳмаджонов

Фото: ЎФА

Миллий олимпия қўмитасида ЎФА 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов миллий терма жамоанинг янги бош мураббийини қабул қилди.

ЎФА хабарига кўра, учрашув давомида Умид Аҳмаджонов мураббий билан суҳбатлашиб, ўзбек футболида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб берган ҳамда халқнинг азалий орзуси бўлган жаҳон чемпионатига чиқиш энг долзарб вазифа эканлигини айтган.

«Бизнинг халқимиз жуда ҳам футболсевар. Сиз миллий терма жамоамизни бошқариб боришингиз ҳақидаги хабарни юртимиздаги футбол мухлислари катта қувонч билан кутиб олишди. Асосий мақсадимиз – олдимизда турган катта мусобақаларда ижобий натижаларга эришиш, Токио-2020 ҳамда Жаҳон чемпионати - 2022 йўлланмасини қўлга киритиш. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси бунинг учун Сизга барча шароитларни яратиб беради. Мураббийлар ишига ҳеч ким аралашишига йўл қўйилмайди. Барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб, олдимизга қўйилган мақсадларга эришамиз, деган умиддаман», - деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида Эктор Купер ҳам бу йўлда бор куч-ғайратини аямаслигини билдириб ўтар экан, аэропортдаги кутиб олиш маросимидан ҳайратда эканини яшириб ўтирмади. 
 
Учрашув сўнгида Умид Аҳмаджонов Эктор Куперга унинг номи туширилган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг рамзий либоси ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Эслатиб ўтамиз, бугун соат 15:00да Эктор Купер билан матбуот анжумани ташкил этилади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид