Ўзбекистон | 18:02 / 06.08.2018
3126
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МДҲ доирасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади

Фото: Asia-Plus

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини яратиш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятида қатнашади. Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақда хабар бермоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигида идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳи таркиби Ўзбекистон Республикаси Молия, Иқтисодиёт, Адлия, Ташқи ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълими вазирликлари, Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси, Марказий банк, Автомобиль транспорти агентлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ташкилотларидан иборат.

Битим лойиҳасига кўра, МДҲ иштирокчи-давлатларининг ташкилотлари, компаниялари ва идоралари учун битимда қайд этилган шартларга асосланган ҳолда ўзаро хизматлар бозорига эркин кириш имконияти пайдо бўлади.

Ҳужжат барча хизматларни, жумладан молия, банк, транспорт, таълим, суғурта ва бошқа хизматларни ўз ичига олади, давлат харидларида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно. Шунингдек, битим лойиҳасида юридик шахсларнинг бошқа давлатларда ташкил этилиши, филиаллар, ваколатхоналарни очиш тартиби ва уларнинг инвестицион фаолияти тартиби белгилаб ўтилади.

Битим лойиҳаси бўйича 2012 йилдан иш бошланган ва 2011 йил 18 октябрь куни қабул қилинган Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битим иштирокчи-давлатларининг (Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон ва Арманистон) вакиллари таркибида МДҲ ижроия қўмитасида ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

«МДҲ мамлакатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими нафақат меҳнат ресурсларининг эркин алмашинуви, балки бир МДҲ давлати фуқароларининг ҳамдўстликнинг бошқа давлатларига инвестиция киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ушбу инвестицияларнинг ҳимоясини таъминлаб бериш учун замин яратади,» – деб таъкидлади Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Хизматлар соҳасининг аҳамияти жуда катта. МДҲ давлатлари ялпи ички маҳсулотининг ўртача 50-65 фоизигача хизматлар соҳасига тўғри келади. Шу билан бирга, хизматлар билан савдо қилиш маҳсулотлар савдосидан кўра ташқи таъсирларга анча камроқ боғлиқдир. Мисол учун, одатда инқироз пайтларида маҳсулотлар савдо ҳажми пасаяди, хизматлар савдоси эса фақатгина ўсиш суръати пасайиши билан чекланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан чорак қисмини хизматлар соҳаси ташкил этади. 2017 йил якунларига кўра хизматлар экспорти 3,5 миллиард, 2018 йил биринчи ярим йиллигида эса 2,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бир қаторда 2017 йилда 978,2 минг АҚШ доллари, 2018 йил биринчи ярим йиллигида 2,4 миллиард доллар (2,4 баробар ўсиш) миқдорда хизматлар импорт қилинган.

Битим лойиҳасини ўрганиб чиқиш давомида миллий қонунчилик асосида чуқурроқ ўрганилиши керак бўлган бир неча долзарб масалалар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, инвестициялар, молия хизматлари, таълим, суғурта бозорига кириш, транспорт ва логистика хизматлари бўйича юридик шахсларнинг ташкил этилиши ва фаолияти борасида тармоқ идоралари ва компаниялари томонидан лойиҳанинг атрофлича кўриб чиқилиши талаб этилади.

Ишлаб чиқилаётган ҳужжат МДҲ ичида иккита – товарлар ҳамда хизматлар бўйича савдо ҳудудлари ташкил этилишига хизмат қилади ва бу ўз ўрнида ҳамдўстлик иштирокчиларининг эркин савдо қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид