Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда. Қуйида табрик матни келтирилади.

Ҳурматли конференция қатнашчилари! 
Қадрли дўстлар! 
Хонимлар ва жаноблар!
Авваламбор, сиз азизларни – дунёнинг олис ва яқин турли қитъа ва минтақаларидан юртимизга ташриф буюрган муҳтарам меҳмонларимизни бугунги адабий анжуманнинг очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
 
Сизларнинг ушбу нуфузли халқаро конференциядаги иштирокингизни биз биринчи навбатда ўзбек халқига, унинг қадимий ва бой маънавий меросига, замонавий адабиётига бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодаси сифатида қабул қиламиз. 

Биз сизларнинг ҳар бирингизни ўзбек адабиёти ва маданиятининг моҳир билимдони ва жонкуяр тарғиботчиси, Ўзбекистоннинг чинакам дўсти, маънавият соҳасидаги ишончли ҳамкоримиз деб биламиз ва сизларнинг олижаноб фаолиятингизни юксак баҳолаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, миллий адабиётимизни ўз юртингизда ва халқаро майдонда беғараз тарғиб ва ташвиқ этиб келаётганингиз учун барчангизга самимий миннатдорлик изҳор этишни ўзимнинг шарафли бурчим, деб биламан.

Муҳтарам анжуман иштирокчилари!

Ғоят муҳим ва долзарб мавзуга бағишланган ушбу конференция Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга.

Бундан йигирма етти йил олдин халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва азму қарори билан қўлга киритилган миллий мустақиллик биз учун жаҳон халқларининг эркин ва озод оиласига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кириш, дунё ҳамжамияти билан барча соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар соҳада самарали ҳамкорлик ўрнатиш имконини яратиб берди. 

Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига қадам қўймоқда. Биз миллий тикланишдан – миллий юксалишга эришишни ўз олдимизга энг муҳим ва устувор вазифа қилиб қўйдик. Бу улуғ мақсадга эса жаҳон аҳли билан ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб яшаш, очиқ демократик жамият қуриш, ҳаётимизда миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада кенг қарор топтириш орқалигина эришиш мумкинлигини биз яхши англаймиз.