09:55 / 10.08.2018
7766

Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони айтилди

Фото: iStock

2018 йил 1 август ҳолатига фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 6468тани ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1195тага ёки 22,6%га ўсган. Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналардан 3528таси қўшма корхоналар, 2940таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади.

Хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳар 4140 та (64,0%), Тошкент вилояти 719 та (11,1%) ва Самарқанд вилоятлари 350 та (5,4%) ҳиссаларига тўғри келади. 

Энг кам хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар Хоразм вилояти 54 та (0,8%), Қашқадарё вилояти 67 та (1,0%), Навоий вилояти 79 та (1,2%) ва Қорақалпоғистон Республикаси 97 та (1,5%) ҳиссаларига тўғри келади. Бу эса мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлашни, инвестициялар жалб этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада ривожлантиришни талаб этади.

Агар фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари кесимида ушбу маълумотларни 2018 йил 1 август ҳолатига кўрсак энг кўп саноатда 2678 та (41,4%), савдода 1353 та (20,9%) ҳамда бошқа фаолият турларида эса 1104 та (17,1%) ташкил қилган, энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 89 та (1,4%), ахборот ва алоқада 164 та (2,5%), ташиш ва сақлашда 190 та (3,0%) қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 247 та (3,8%), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 272 та (4,2%) ва қурилишда 371 та (5,7%) ташкил қилган. Шундан кўриниб турибдики, фаолият юритадиган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми саноат ва савдо фаолият турига тўгри келаркан. Шунингдек, энг кам улуши эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ҳамда ахборот ва алоқа фаолият турларига тўғри келади.

2018 йилнинг январь-июль ойида хорижий капитал иштирокидаги рўйхатдан ўтган янги корхоналарнинг сони 1151 тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 736 тага кўпайган ёки 2,8 бараварга ошган.

Бунда, Россия Федерацияси резидентлари капитали иштирокида – 144 та, Туркия Республикаси – 147 та, Хитой Халқ Республикаси-137 та, Қозоғистон Республикаси – 91 та, ва Корея Республикаси – 78 та янги корхоналар рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 2018 йил давомида Афғонистон Ислом Республикаси,Ҳиндистон Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Украина, Озарбойжон Республикаси ва бошқа давлатлар резидентлари қўшма фаолиятга қизиқиш билдирдилар.

Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрадиган бўлсак, асосан саноатда 364 та, савдода 307 та, қурилишда 108 та, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 95 та ва бошқа фаолият турларида 277 та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар янги ташкил этилган.

Top