Англия премьер-лигасида бу ёзда янгиланишлар бўлди. Англия чемпионати энди янада қизиқроқ бўлиши кутилмоқда.

Фаворитлар

Фото AFP

Премьер-лига, стереотиплар яратиш ва уларни яксон қилиши билан ажралиб туради. 10 йил муқаддам Англияда «кучли тўртлик» бор эди ва бу ҳудудга «МЮ», «Арсенал», «Челси» ва «Ливерпуль»дан бошқа жамоа кира олмайдигандек эди. Аммо кейин биз «кучли олтилик»ка ўрганиб қолдик. 2015 йилда ҳеч ким ўртамиёна жамоа мамлакат чемпиони бўлишини хаёлига келтира олмасди. Аммо кутилмаганда «Лестер» «улоқни илиб кетди». Ўтган мавсум арафасида ҳам «Манчестер Сити» 3та рақамдан иборат очколарни тўплашини кутмаганди, аммо якунда Гвардиола иккинчи ўриндаги «МЮ»га 19 очколик фарқ билан юқоридан қараб турарди.

Энди эса «Манчестер Сити» узоқ вақтгача Англияда гегемонлик қиладигандек туюлмоқда. Пеп Гвардиола жамоани машинага айлантирди, бу жамоа ҳеч кимдан қўрқмайди: на кучли рақиблардан, на тўрт фронтда жанг олиб боришдан, на жароҳатлардан, на ротациялардан ва на автобус жамоалардан. «Шаҳарлик»лар жамоасида деярли барча чизиқда ЕЧЛ даражасидаги икки нафардан футболчи бор (фақат дарвозабон ва таянч зонасида биттадан). Шундай экан, «Сити» бу мавсумда ҳам чемпионлик учун яққол фаворит.

Аммо Гвардиола жамоаси мавсумнинг иккинчи қисмида бўшаши мумкин. Ўтган мавсумда жамоа очко йўқота бориш билан бирга, камроқ гол урди. Демак, бошқа жамоаларда ҳам имконият бўлади.

Ғарб нашрларида ва букмекерлик идораларида «Ливерпуль»ни ҳам соврин учун асосий даъвогарлардан бири сифатида ҳисоблашмоқда. Бу жамоа бунга ҳақли: жамоанинг барча лидерлари ва бош мураббий ўз жойида қолди, ўтган мавсумдаги кучсиз чизиқлар кучайтирилди, жамоанинг салоҳияти ўта юқори.

Жозе Моуриньо эса мавсумлар оралиғида жанжал кўтарди, у «МЮ»нинг асосий футболчилари жаҳон чемпионатидан барвақт қайтмагани ва мавсумолди йиғинида иштирок этмаганидан норози бўлди. Жамоа таркибни фақат бир ҳафта муқаддамгина йиға олди. Аммо «қизил иблислар» олтин медаллар учун асосий даъвогарлар қаторида қолаверади.

«Тоттенҳэм» ёзги трансферлар вақтида бирор трансфер амалга оширмаган ягона жамоа бўлди. Нима қипти? Маурисио Почеттино қўли остида шундоқ ҳам рақобатбардош жамоа бор, жамоа етакчиларини таркибда сақлаб қолган. Демак, бу жамоа ҳам биринчи ўринни эгаллай олиши мумкин.

«Арсенал» ва «Челси» билан бу мавсумда нима бўлиши қизиқ. Икки жамоада ҳам янги мураббийлар иш бошлади, бу мураббийларнинг иккиси ҳам аввал Англияда ишламаган. Лекин, бу масалан Контега биринчи мавсумдаёқ жамоасини чемпион қилишига халал бермаганди. Бирдан Унаи Эмери ёки Маурисио Саррида ҳам шундай бўлиб қолиши мумкин. Қолаверса, иккала жамоа ҳам бу мавсумда ЕЧЛда қатнашмайди ва ички чемпионатга бор эътиборни қаратиб, бошқаларга нисбатан кўпроқ имкониятга эга бўлади.