Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида ўзгаришлар юз бериши, «Uzbekistan Tourism Industry Awards» мукофоти таъсис этилиши, Ёшлар туризми воқеалари ягона тақвими жорий этилиши ва ёшлар хостеллари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинаётган Президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Norma’нинг ёзишича, қуйидагиларни амалга ошириш эҳтимоли кўриб чиқилмоқда:
• ёшлар туризмини ривожлантириш, туризм соҳасида инновацияларни жорий этиш ва таълим хизматларини такомиллаштириш масалалари бўйича раис ўринбосари лавозимини жорий этиш;
• туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни мувофиқлаштириш бўлими негизида туризм соҳасида инновациялар ва таълим хизматларини такомиллаштириш бошқармасини ташкил этиш;
• махсус турларни ташкил этиш бошқармаси негизида ёшлар туризмини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармасини ташкил этиш.
Қуйидагилар янги жорий этилаётган лавозимдаги раис ўринбосарининг асосий вазифалари этиб белгиланиши режалаштирилмоқда:
• саёҳатларнинг арзон тушишини таъминлаш ва туристлар учун шароитларни яхшилаш, туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш бўйича ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган таклифларни киритиш;
• туризм соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, туризм соҳаси ходимларининг сифат жиҳатидан юқори даражада мунтазам қайта тайёрланиши ва малакаси оширилишини ташкил этиш, туризм соҳасига инновацияларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
• туризм соҳасидаги ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини тадқиқ қилиш, таълим муассасаларида кадрлар ва мутахассисларни профессионал тайёрлаш йўналишларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш;
• ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни туризм соҳасига кенг жалб этиш, ёшларнинг туризм соҳасидаги истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек мазкур асосда ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.
2018 йил 1 сентябрдан давлат таълим муассасаларига ички туризм учун гидлар, экскурсоводлар, йўл кўрсатувчи инструкторларни тайёрлаш билан, шунингдек тадбиркорлик субъектларига малака сертификати бериш ҳуқуқисиз туризм соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланишларига рухсат бериш таклиф этилмоқда.

















