Таниқли адиб Ойбекнинг уй-музейида кўплаб ноёб буюмлар сақланади. Адибнинг иш столи, кўзойнаги, қалами... Буларнинг бари адабиёт шинавандасининг кўнглида ажиб ҳислар уйғотади. Аммо бу музейдаги бир мактуб ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз. Ёзувчининг қизи Ойнур опанинг маълумот беришича, бу мактуб 1945-55 йиллар давомида сургунда, ҳибсхонада азоб чеккан ёзувчи томонидан 1966 йилда музейга совға қилинган экан. Мактубни ўқиб, таъсирланмаслик иложсиз иш. Биз адибнинг қизидан илтимос қилиб, шу хатдан нусха олдик. Қуйида уни тўлиғича эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
«Бу китоб биз учун ниҳоятда мўътабар, мўъжизакор китобдир. Китоб инсоният дунёсининг энг улуғ кишиси, буюк мутафаккир мавлоно Мир Алишер Навоий жаноби олий ҳазратлари ҳақида ёзилган, ҳозирги замондаги қалам эгалари бундан ошириб ёзолмасдиларки, буни фақат Ойбек эплади.
Қўлингиздаги муқоваси тўрт-беш марта янгиланган, эски китоб кўп кишиларни ўлим чангалидан олиб қолган. Шоир эмасмиз-да, бу билан муболаға қилиб юборганга ўхшаб қолдим. Аслида эса ҳеч қандай муболағасиз, айни бир ҳақиқатни ёзяпман.
Ҳурматли ўқувчи! Сиз ёзувчи Александр Солженициннинг «Иван Денисовичнинг бир куни» деган ҳикоясини ўқигансиз. Унда ёзувчи бир куннигина ёзган, холос. Лекин қўлингиздаги китоб шунақанги кунларнинг 3630тасини пўлат чидам билан ўтказди. Иван Денисовичнининг лагердаги биргина куни тасвирланган. Китоб эса лагерларнинг кўпида бўлди, уни бутун азоб-уқубатлари, қийноқ, очлик-яланғочликлари, хўрлашлари, инсонни инсон эмас итлардан минг марта паст кўришларини ўз кўзи билан кўрди. У ердаги ҳар бир лагер бошлиғи «мен совет ҳукуматиман» деб истаган ишини қилганларини, боқувда қутуриб, семириб ётган овчаркаларни бегуноҳ, зўрға оёғини судраб кетаётган маҳбуслар устига ташлашлари, ҳатто баъзан ит бормаганда мажбур қилиб, қоптиришлар, соқчилар бир-бирлари билан «кимнинг ити кучли» ўйнашиб итни қўйиб юбориб, жим кетаётган маҳбусларни орқасидан узиб йиқитишлари... Бир бурда нонга оч маҳбусларни бир неча марталаб пешонаси ерга теккунча таъзим қилдиришлар, салом бермаса сўкиш, уриш, хўрлаш, қамаш... Мана шуларнинг барчасини кўрди.
«Иван Денисовичнинг бир куни» ҳикоясидан маълумки, бараклар жуда катта, унда турли миллат вакиллари ётади. Ҳамма бараклар тунда қулфлаб қўйилади. Ҳар хил одам бор, шунинг учун барча нарсаларни беркитиб юриш керак. Хусусан, нонни. Китоб ўқиш, уни ўзи билан олиб юриш қатъиян ман этилган. Келадиган ва юбориладиган хатлар, албатта, текширувдан ўтади. Ҳар бир барак кунига, албатта, тинтувдан ўтади. Шунда назоратчилар қўлига нима тушса олиб ўртага ташлайдилар. Айниқса, тахта чорпояни иккинчи қаватидан туриб улоқтирилган нарсалар чил-чил бўлиб кетади. Ҳатто нина, тўғноғичлар ҳам совуқ қурол ҳисобланади. Бинобарин, буюм эгаси, шубҳасиз, жазоланади. Қоғоз-қалам тортиб олиниб, четга отиб юборилар эди...















