2018 йилнинг январь-июнь ойларида муомаладаги нақд пуллар миқдори, пул айланмаси таркибидаги ўзгаришлар ҳамда мавсумий омиллар таъсирида шаклланиб борди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2018 йил I ярим йиллиги бўйича нақд пул муомаласи шарҳида айтилади.
Хусусан, жорий йилнинг I чорагида муомаладаги нақд пуллар ҳажми 1,2 трлн. сўмга қисқарган бўлса, II чорагида 3,4 трлн. сўмгача ортиши кузатилди. Натижада, 2018 йилнинг I ярим йиллигида нақд пул массаси 2,2 трлн. сўмга ошди.
Нақд пулга бўлган талабнинг ўзгариши асосан мавсумий омиллар билан изоҳланади.
Бунда мамлакатга халқаро пул ўтказмалари ҳажмларининг асосан йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида бошқа чоракларга нисбатан кўпроқ бўлиши ва натижада, аҳоли томонидан тижорат банкларига хорижий валютани сотиш ҳажмларининг ошиши мос равишда нақд пулга бўлган талабнинг ортишига олиб келмоқда.
Хусусан, агар жорий йилнинг I чорагида мамлакатимизга халқаро пул ўтказмалари орқали 950 млн. доллар миқдоридаги валюта маблағлари кириб келган бўлса, II чоракда ушбу кўрсаткич 1,4 баробарга ошиб 1 335 млн. долларни ташкил этди.
Ўз навбатида, тижорат банклари томонидан I чоракда аҳолидан 420 млн. доллар миқдоридаги (3,4 трлн. сўм) хорижий валюта сотиб олинган бўлса, II чоракда ушбу кўрсаткич 2 баробарга ошиб 868 млн. долларни (6,9 трлн. сўм) ташкил этди.
Мазкур ҳолат нақд пулга бўлган 3,5 трлн. сўмлик қўшимча талабни юзага келтирди. Шу билан бирга, аҳоли томонидан чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган талабнинг ошиши миллий валюта курсининг жорий йил бошидан мустаҳкамланиб бориши билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Шунингдек, аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида банкоматлар ва терминаллар тармоғи кенгайтирилиши ҳисобига пластик карталардан нақд пуллар ечиб олиш ҳажмлари ошди.
Хусусан, 2018 йилнинг II чорагида аҳоли томонидан пластик картадаги маблағлар ҳисобидан нақд пул ечиб олиш ҳажми I чоракдаги кўрсаткичдан 1,4 баробарга ортиб, 2,2 трлн. сўмни ташкил қилди.
«Бу эса, аҳоли томонидан савдо ва пуллик хизматлар учун тўловларда нақд пуллардан фойдаланиш даражасини ошишига олиб келди», - дейилади шарҳда.
2018 йилнинг январь-июнь ойларида нақд пулларнинг банк кассалари орқали ўртача ойлик айланмаси ҳажми 11,7 трлн. сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан (4,7 трлн. сўм) 2,5 баробарга ошиши кузатилди.

















