Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон 2018 йилнинг 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистон Республикасида бўлди.

ТИВ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг қўшма баёноти матнини эълон қилди.

Ўзаро англашув, конструктив ва очиқ муҳитда ўтган музокаралар давомида Давлат раҳбарлари давлатлараро муносабатларнинг ҳозирги ҳолатидаги долзарб масалаларни, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги алоқаларнинг барча соҳаларини қамраб оладиган икки томонлама кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболларини, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни батафсил муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари давлатлараро сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларнинг ўсиш суръатини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва сермаҳсул муносабатларнинг жадал ва изчил ривожланиб бориш тенденциясини мамнуният билан эътироф этиб,

дўстлик, аҳил қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига таянган ҳолда, шунингдек, икки қардош халқларнинг кўп асрлик тарихий ва маданий умумийлигидан келиб чиқиб ва 2000 йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома қоидаларига амал қилган ҳолда,

икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида узоқ муддатли асосда конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга янги ва катта туртки беришига ишонч билдирган ҳолда,

бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, унинг изчил ривожланиши ва равнақ топишини таъминлашда ўзларининг юксак масъулиятларини англаган ҳолда,

қуйидагилар тўғрисида баёнот бердилар:

1. Давлат раҳбарлари ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартнома икки давлат ва халқлар ўртасидаги анъанавий дўстлик, аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишига, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашга кўмаклашишига ишонч билдирдилар.