"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ вакиллари Ўзбекистон Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси вакиллари билан учрашишди. Барча масалалар туризмни интенсив ривожлантириш фойдасига ҳал бўлди, дея маълум қилади Ассоциация матбуот хизмати.

Учрашувда туроператорлар томонидан берилган таклифлар асосида қуйидаги масалалар ўз ечимини топди:

1. 2018 йилнинг 1 сентябридан темир йўл чипталари учун олдиндан гуруҳ бўлиб буюртма қабул қилишда паспорт нусхаларини тақдим этиш зарурати бекор қилинди. Шундай бўлса-да, сайёҳлар гуруҳи учун темир йўл чиптасига буюртма қабул қилишда йўловчининг исми шарифи, паспорт маълумотлари, туғилган санаси, доимий яшайдиган мамлакати аввалгидек белгиланган тартибда икки нусхада тақдим этилиши керак.

Фото: Ўзбекистон Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси

2. 2018 йилнинг 20 августидан Самарқанддаги катта туристик гуруҳларга қулай шароит яратиш мақсадида Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишидаги №762/761, №766/765 тезюрар поездларининг тўхташ вақтини 5 дақиқадан 10 дақиқагача узайтирилади.

3. 2018 йилнинг 15 августидан "Тошкент-Марказий" вокзали кассаси базасида туристик ташкилотларга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган кассалар ишга туширилди. Шунингдек, туристик ташкилотлар аризалари билан ишлаш бўлимида штат бирлиги жорий қилинди.

"Тошкент-Марказий" вокзалида туристик ташкилотларга хизмат кўрсатувчи 4 касса очиш режага киритилди. Банд қилиш ва чипта бериш хизматлари бир жойда кўрсатилади. Шу билан бирга, туристик ташкилотлар аризаларини электрон шаклда қабул қилиш тизими киритилади.

4. Жорий йилнинг 14 августидан темир йўл чиптасини банд қилишда ҳар бир жой учун қўшимча тўлов киритиш бекор қилинди.

Фото: Ўзбекистон Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси

5. Бугунга келиб Тошкент вагон-таъмирлов қурилиш заводи базасида умумий ҳисобда 240 ўринга мўлжалланган 5 вагонни таъмирлаш ва модернизациялашга доир ишлар олиб борилмоқда. Бу вагонлар 2018 йилнинг сентябрь ойи охирига қадар эксплуатацияга киритилиши режалаштирилмоқда. Ушбу ўринлар "Афросиёб" тезюрар поездларида жой қолмаган тақдирда фақат туристик компанияларга тақдим этилади. 

6. 2018 йилнинг 1 сентябридан сайёҳлар гуруҳи йўл ҳужжатларининг барчасини бир бланкда татбиқ этиш тизими йўлга қўйилади.