Касбни ўзгартиришнинг кечи бўлмайди. Асосийси — буни тўғри ва онгли равишда амалга ошириш, дейди РФ «Нетология» рақамли касблар университетининг Карьерани ривожлантириш маркази раҳбари Анна Давидова "Лайфхакер"даги мақоласида.
Замонавий дунёда баъзи касблар аста-секин йўқолиб кетаётган бўлса, янгилари пайдо бўлмоқда. Инсоннинг бир неча марта профессионал сифатида ўз фаолиятини йўлга қўйиши табиий ҳолат. Чуқур нафас олинг, атрофга боқинг, сиз ёлғиз эмаслигингиз аниқ. Энди эса ишга киришамиз.

Ўзгаришлар ҳақида ўйлаймиз
Нима учун касбингизни ўзгартиришга қарор қилганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ўз мақсадингизни шакллантиришга ҳаракат қилинг. Ўзингизга ўзингиз савол беринг: "Бу ўзгаришлардан нимани кутяпман? Бу нимаси билан мен учун муҳим? Истаганимга эришганимни қандай тушуниб етаман?" Бу саволларга овоз чиқариб жавоб беринг, бироз фикр юритинг.
Меҳнат қилишга киришинг. Янги касбни танлаш ҳам — меҳнат. Биров бу ишни ўрнингизга бажармайди. Ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам, у сизга ёқиши амри маҳол. Олий ўқув юртини ўз қизиқишига эмас, ота-она истагига кўра танлаганлар билан боғлиқ вазиятни ёдга олинг. Янгиликнинг яхши томони шундаки, бу офисдаги машаққатли меҳнат эмас, қизиқарли тадқиқотдир.
Янги ишга молиявий ва ахлоқий жиҳатдан тайёрланинг. Янги касбга киришгунингизгача бўлган вақт учун "хавфсизлик ёстиғи"ни яратинг. Иш берувчи тажрибали ходимига нисбатан сизга ёш мутахассис сифатида камроқ иш ҳақи таклиф қилиш эҳтимоли мавжуд.

Фаолият йўналишини танлаймиз
Бунинг учун:
- Шахс турини аниқлашга мўлжалланган тестлардан фойдаланинг. Масалан, MBTI ёки DISC. Улар сизни феъл-атворингизга яқинроқ бўлган касбларга йўналтириб, қандай позицияларда ўзингизни ноқулай ҳис қилишингизга оид маълумотларни тақдим этади.
- Қандай иш билан шуғулланиш сизга ёқиши ҳақида ўйланг ва ёзинг. Махсус дафтар тутиб, икки ҳафта давомида унга турли машғулотлар вақтида ўзингиз кечирган ҳиссиётларингиз ҳақида ёзиб боринг. Нима учун тонгги соат 5:00да туришга тайёр бўлар эдингиз? Бу даврда ҳар доимгидан фарқли иш қилишга уриниб кўринг: янги йўлдан юринг, одамлар билан танишинг, ноодатий хобби орттиринг.















