Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми – муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклаб, эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда олижаноб фазилатларни, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу қутлуғ айёмда ҳаммамиз, аввало, мана шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо эканлиги учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. 

Бугунги кунда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг фаровон ҳаёти, жондан азиз фарзандларимизнинг бахту иқболини таъминлаш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз, жумладан, диний-маърифий соҳадаги ишларни тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларимиз дунё ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Яқинда Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида ўтказилган диний эркинликлар масалалари бўйича нуфузли халқаро форумда Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳолангани бу борада бошлаган ишларимизнинг халқаро миқёсда юксак эътироф этилганига яққол далилдир. 

Биз ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёшларимизни юксак инсоний қадриятлар асосида тарбиялашга алоҳида эътибор бермоқдамиз. 

Дунёда муқаддас динимиз номидан турли ёвуз ҳаракатлар содир этишга уринишлар кучайиб бораётган бир пайтда, униб-ўсиб, ҳаётга ёруғ юз билан кириб келаётган ўғил-қизларимизга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб бериш, уларни теран фикрлайдиган, шиддатли замон мезонлари асосида яшайдиган маърифатли, дунёқараши кенг, баркамол инсонлар этиб вояга етказиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўлда бошлаган ислоҳотларимиз кутилган самарани бериши учун барчамиз, бутун халқимиз билан биргаликда ҳамжиҳат бўлиб иш олиб боришимиз кундалик заруратга айланмоқда.