Жамият | 18:23 / 21.08.2018
5110
2 дақиқада ўқилади

Нобель мукофоти соҳиби Рёдзи Ноёри яқин кунларда Ўзбекистонга келади

Фото: Intercontinental Academia

Нуфузли Нобель мукофоти совриндори Рёдзи Ноёри 28-31 август кунлари Нагоя Университети (Япония) делегацияси таркибида Ўзбекистонга ташриф буюради. Нагоя Университети Президенти Мацуо Сейити раҳбарлигидаги делегация таркибида олийгоҳ бўлимларининг яна 10 нафар вакили ҳам бўлади. Бош вазир  ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.

Рёдзи Ноёри Ўзбекистонга ташрифи чоғида Тошкент давлат техника университетида маъруза ўқийди, шундан  сўнг Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.

Ташриф доирасида мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари, Фанлар Академияси, Илмий-тадқиқот институтлари, манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Япония илмий симпозиуми ва "муҳокамалар доираси"ни ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Нагоя Университети ҳамда Тошкент давлат техника университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида Ноёрининг жаҳон илм-фанига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Фанлар Академияси Президенти билан учрашувлар режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: Нагоя Университети профессори, машҳур кимёгар олим Рёдзи Ноёри 2001 йилда каталитик асимметрик синтез соҳасидаги ишланмалари учун Нобель мукофотини қўлга киритган. У Япония таълим, маданият, спорт, илм-фан ва технологиялар вазирлиги илмий кенгашининг ҳақиқий аъзоси ва қатор Европа мамлакатлари, АҚШ, ХХР Фанлар Академияси аъзоси ва БМТнинг турли илғор лойиҳалари иштирокчиси ҳисобланади. Ноёрининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари Нобель фонди билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга ошади ва етакчи академик нашрларда ёритиб борилади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид