Америка Қўшма Штатларида бир неча йилдан буён яшайман. Ишдан қайтаётиб, кичик бир дўконга кирдим. Керак нарсани харид қилиб навбатда турганимда, бир одам мендан инглиз тилида “Қаердансан?” деб сўраб қолди. “Ўзбекистон” дедим. Шунда у “Ҳаа, Покистонми?” деди. Унга қайтадан тушунтирдим. Унчалик тушунмади. Шунда Google орқали дунё харитасини очдим ва Ўзбекистонни кўрсатдим. Шундагина у одам энди тушунганини айтиб, менга раҳмат деди.

Бир қараганда оддий туюлган бу воқеа мени ўйлантириб қўйди. “Нега энди дунёга машҳур фозилу фузалолар юрти бўлган Ўзбекистонимиз ҳақида хорижлик оддий инсонлар билишмайди?”, деган савол ортидан, миямга бир фикр келиб қолди.

Қандай фикр экан дейсизми? Ҳозир тушунтираман.

Интернетдаги YouTube хизматини ҳаммамиз биламиз. Унда ҳар куни миллионлаб одамлар ўз видеоларини кўрсатишади. Уларни видеоблогерлар деб аташади. Кўпчилик видеоблогерлар юз минглаб обуначига эга. Одамлар ўз блогерларининг ҳар бир видеосини кутиб туришади ва қайта-қайта кўришади, бошқаларга ҳам жўнатишади. Томошабини кўп видеолардан YouTube ҳам пул ишлайди. Ушбу хизмат томашабинбоп видеолар ичига рекламалар жойлайди ва фойда кўради. Шу тариқа, канал блогерларга видео учун пул ҳам тўлайди.

Миллионер бўлиб кетган видеоблогерлар дунёда кўплаб топилади. Аксари ташкилотлар, корхоналар, ишлаб чиқарувчилар номдор ва обуначиси кўп блогерларни чақириб, ўз маҳсулотлари ҳақида материал тайёрлатишади. Натижада улар тайёрлаган видеони дунёдаги миллионлаб томошабин кўради.

Ўзбекистондек юртимизни дунёга танитишда бизга YouTube видеоблогерлари ёрдам беришсачи?

Англия, Франция, Япония, Африка, Америка, Бразилия, Ҳиндистон, қўйинки, қаерда номи чиққан ва обуначиси кўп видеоблогер бўлса, уларни бир вақтнинг ўзида (ёки гуруҳга ажратиб, навбати билан) Ўзбекистонга таклиф қилиш керак. Уларни Ўзбекистоннинг барча диққатга сазовор жойларига олиб бориш, мамлакатимиздаги тўйлар, тантаналар, байрамлар, халқаро мусобақаларни кўрсатиш керак! Қўли гул ҳунармандларимизни устахоналарига, боғбонларимизнинг боғу-роғларига кириш, Хива, Бухоро, Самарқанду Қўқонда бўлишларини ташкиллаштириш, аждодларимиз қурган обидаларни кўрсатиш зарур.

Аминманки, улар тайёрлаган видеоблогларни ер юзидаги миллионлаб томошабин кўради ва Ўзбекистон деган юртнинг қаерда жойлашгани, одамлари, табиати, ишлаб чиқариши, иқлими ва шаҳарлари ҳақида тасаввурга эга бўлишади. Дунё танийдиган видеоблогерлар унча кўп эмас ва уларнинг ҳеч бўлмаса 10 нафарини Ўзбекистонга чақириш унчалик кўп харажат талаб этмайди. Қолаверса, мамлакатни дунёга танитишдек олий мақсад учун ҳар қанча ҳаракат ва харажат оз.