Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:
савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтириши;
уч ой муддатда алкоголли маҳсулотлар савдо қилинадиган савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарини техник қўриқлаш воситалари, ёнғиндан дарак берувчи, қўриқлаш сигнализациялари ва видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш ҳамда ўрнатилган тартибда ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пунктларига улаш чораларини кўриши бўйича вазифалар юкланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари алкоголли маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикасига қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларини кучайтиради.
Ўзбекистонда 21:00дан кейин алкоголли маҳсулотлар сотилиши расман тақиқланиши кутиляпти
















