Ўзбекистон | 09:20 / 25.08.2018
19694
2 дақиқада ўқилади

Эндиликда ички ишлар органларига ишга кириш учун психолог суҳбатидан ўтиш лозим

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ички ишлар вазирлигининг Ташкилий департаменти тузилди. Департаментнинг асосий вазифалари этиб республикада криминоген вазиятни тизимли таҳлил қилиш ва прогноз қилиш, ички ишлар органлари фаолиятини жиноятчилик ҳолати ва унга қарши курашиш натижаларини ўрганиш асосида режалаштириш, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларни комплекс текшириш ва назорат қилиш, амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан иш натижадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Туман ички ишлар органлари бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари тегишлича туман ички ишлар органлари бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига ўзгартирилиб, уларга шахсий таркиб ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ходимлар томонидан содир этилган жиноятларни ўз вақтида аниқлаш вазифаси юклатилди.

“Ҳуқуқий ахборот” каналининг ёзишича, ички ишлар органларининг қабул ва аттестация, шу жумладан махсус унвонларни бериш бўйича комиссиялари фаолиятида психолог-мутахассислар иштирок этиши ва улар индивидуал суҳбат ўтказиш натижаси бўйича ҳар бир номзод ва ходим бўйича якуний қарор қабул қилишда ҳисобга олинадиган хулоса бериши белгиланди.

Қарор билан Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти ташкил этилди.

Мавзуга оид