Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисидаги нутқини эълон қилди.

Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Туркманистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик фаолиятини юксак баҳолайди.

“Туркманистонлик дўстларимиз томонидан ушбу серқирра тузилма фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг халқаро нуфузини ошириш бўйича катта амалий ишлар олиб борилмоқда. Ишончим комилки, Жамғарма асосчилари бўлган давлатлар раҳбарларининг қарийб ўн йиллик танаффусдан кейин ўтаётган бугунги тарихий мажлиси мазкур ташкилот фаолиятида янги саҳифа очади, Марказий Осиё минтақасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаради. Бугун барчамиз туркман заминида ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканимизни яна бир бор қатъият билан тасдиқлаймиз”, - дейилади давлат раҳбари нутқида.

Қайд этилишича, Орол денгизининг қуриши муаммоси минтақавий фаолият кун тартибида алоҳида ўрин тутади – бу умумий фожиадир.

Оролбўйи ҳудудини у ерда пайдо бўлган саҳро эгаллаб олмоқда. Оқибатда сув ресурслари тақчиллиги, ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви, тупроқнинг деградацияга учраши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши, жиддий иқлим ўзгаришлари яққол сезилиб турилибди.

“Биз умумий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз лозим”, - дейди президент.

Ҳозирги пайтда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Марказий Осиёда вақт синовидан ўтган ягона минтақавий ташкилот бўлиб, мамлакатлар ўртасида бу борадаги ҳамкорликнинг амалий механизми бўла олади. Ўзбекистон Жамғарма фаолиятида Қирғизистон Республикаси иштироки тикланганини қўллаб-қувватлайди.

“Аминманки, биз мазкур ташкилот доирасида минтақадаги барча мамлакатлар манфаатлари мутаносиблигини таъминлашга эришамиз, бизнинг умумий келажагимиз – ўз қўлимизда. Фақат барча минтақа давлатларининг Жамғарма фаолиятида, жумладан, Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи Дастурни ишлаб чиқиш ва ўзаро келишиш жараёнида тўлақонли иштирок этиши орқали биз бу борадаги умумий муаммоларни ҳал этишимиз ва таҳдидларни бартараф этишимиз мумкин. Шу муносабат билан биз Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг меъёрий-ҳуқуқий асослари ва ташкилий тузилмасини такомиллаштириш юзасидан ҳамкорларимиз билдирган таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз”, - дейилади нутқда.