Ўзбекистон | 18:53 / 29.08.2018
38139
2 дақиқада ўқилади

Ортиқхўжаев Бобур Ҳасанга Ўзбекистонга инвестиция киритишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Бобур Ҳасанга мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Ҳозирда АҚШ фуқароси бўлган Бобур Ҳасаннинг Ўзбекистонга киришига рухсат берилмаган. Ишбилармоннинг Facebook’даги ўз саҳифасида маълум қилишича, 3 август куни у Москва орқали АҚШдан Тошкентга учиб келган. Бироқ, чегарачилар мамлакатга киришга рухсат беришмаган.

«Бундай кишилар кўп (Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи бўлган - таҳ.). Банкда ҳисоб рақамини очиб, 10 минг доллар қўйсин. Мен шахсан келиб, барча муаммоларни ҳал қиламан. Агар бу йигитда ҳақиқатдан ҳам пул бўлса, ҳамма нарсани ўзимиз ҳал қиламиз. Мен у ким билан учрашганини ва нима учун бу амалга ошмаганини билмайман», - дея айтиб ўтди ҳоким Халқаро пресс клуб йиғилишида.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ҳасаннинг билдиришича, Ўзбекистон иқтисодиётига 50 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати унинг лойиҳаларига қизиқиш билдирган, аммо 7-8 ой давомида виза бўйича рад жавоби берилган.

Facebook’даги видеомурожаатида Ўзбекистон собиқ фуқароси Қозоғистонда ўз лойиҳаларини амалга оширишни режалаштираётганини маълум қилди.

Мавзуга оид