Ўзбекистон Республикаси президенти “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан белгилаб қўйилишича, бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) доимий прописка қилиш мазкур қарор билан тасдиқланган Рўйхат асосида амалга оширилади.
Давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари ушбу шахсларни лавозимидан озод қилинганлиги, бошқа ишга ўтганлиги ёки пенсияга чиққанлиги тўғрисида ўз вақтида хабар бермаганлик учун шахсий жавобгарлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Белгиланишича, бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиш ҳуқуқига:
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатида кўрсатилган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар (Тошкент вилоятидан ташқари) ҳокимлари эга.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш, шунингдек, турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритади.

















