XVIII Осиё ўйинларида энг узоқ давом этган мусобақалардан бири – оғир атлетика бўйича баҳслар якунига етди. 8 кун давомида ҳар куни биттадан вазн тоифасидаги атлетлар тош кўтаришда беллашдилар. Узоқ йиллардан буён қитъада гегемонлик қилиб келаётган хитойлик ва Осиё грандлари қаторида саналадиган қозоғистонлик оғир атлетикачиларнинг бу галги азиадада қатнашмагани бошқа иштирокчиларнинг имкониятларини анча оширди. Шу жумладан, Ўзбекистон термаси ҳам Осиё ўйинларидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди.

Жакарта-2018 Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси учун алоҳида аҳамият касб этди: илк олтин медаль қўлга киритилди, ўзбек спортчиси мусобақанинг тарихий рекордини ўрнатди,  якуний жадвалда биринчи марта кучли учликка кириш вазифаси уддаланди, медалларнинг сифати ҳам сони бўйича аввалги натижалардан яхшироғига эришилди.

Осиё ўйинларининг тош кўтариш мусобақаларида Ўзбекистон шарафини 8 нафар спортчи ҳимоя қилди, улардан 5 нафари медаль билан ортга қайтадиган бўлди. 2 йил олдинги ёзги Олимпиадада иштирок этган 5 спортчимиздан 3 нафари (Нуриддинов, Ёқубов, Жангабоев) Жакартадаги турнирда қатнашди; уларнинг учаласи ҳам совриндорлар сафидан ўрин олди.

Дастлабки медални 62 кг вазн тоифасида Адҳамжон Эргашев олиб берди. У даст кўтаришда 136 кг, силтаб кўтаришда 162 кг тошни ўзига бўйсундириб, жами 298 кг натижа билан бронза медалга сазовор бўлди. Кумуш медалга эга чиққан вьетнамлик спортчи Адҳамжондан бор-йўғи 1 кг кўпроқ натижага эришганди. Агар дастлабки бешала уринишни ҳам муваффақиятли якунлаган Эргашев сўнгги 165 кг.лик тошни силтаб кўтара олганида эди, олтин медалга эга чиқиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Адҳамжон Эргашев / Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

19 ёшли спортчимиз 2014 йили Нанкинда ўтган ёшлар олимпиадасида бронзага сазовор бўлган. Шундан сўнг 2016 ва 2017 йиллардаги Осиё биринчиликларида ҳамда 2018 йилги жаҳон чемпионатида ҳам бронза медалини (фақат бир йўналишда) қўлга киритган эди. Қолаверса, у шу йилнинг июль ойида Тошкентда ташкил этилган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида мутлақ ғолиб бўлди.