Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон қарорига мувофиқ давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим муассасалари, муассасасининг раҳбарлари, методистлари, тарбиячилари, дефектологлари, психологлари, мусиқа ходимлари иш ҳақига сарфланадиган харажатларни қоплаш учун давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган шартларда қўшимча бюджет субсидиялари олиш ҳуқуқига эга.

Давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида фаолият юритадиган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг айрим ходимлари иш ҳақига сарфланадиган харажатларни қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, таълим муассасаси томонидан давлат бюджетидан субсидия олиш зарурияти пайдо бўлганда, субсидия олиш учун жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармаларига ариза билан мурожаат қилинади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ариза берувчининг – юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини тасдиқловчи гувоҳнома, тижорат банкидаги ҳисоб рақамлар реквизитлари;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида имзоланган битим нусхаси;

таълим муассасасининг қуввати, фаолиятининг бошланиш санаси, ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) тўлови тўғрисидаги маълумотнома.

Молия органи таълим муассасасининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб етти кун мобайнида унинг мазкур Низомда белгиланган талабларга мослигини ўрганиб чиқади ва аризани қаноатлантириш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва таълим муассасасини субсидиялар ажратиш ёки аризани рад этиш тўғрисида асослантирилган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади.