Ўзбекистон | 16:05 / 31.08.2018
34994
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ фуқароларга давлат мукофотларини топширди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, мустақилликнинг 27 йиллиги арафасида мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, ўз соҳаларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 31 август куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди, деб хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Мустақиллик байрами, давлат мукофотларига сазовор бўлгани билан табриклади.

- Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврига, янги босқичига қадам қўйдик. Келажагимизни халқимиз томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида ўз қўлимиз, ўз кучимиз билан барпо этмоқдамиз.  Одамларни рози қилишни бугунги сиёсатимизнинг бош мақсади, деб биламиз. “Ўсиш”, “ривожланиш” деганда фақат рақамларга, миқдор кўрсаткичларига эмас, аввало улар аҳолининг кундалик ҳаётида, уйи ва дастурхонида қандай намоён бўлаётганига устувор аҳамият қаратяпмиз, - деди президент.

Жорий йилнинг ўтган даврида турли саналар муносабати билан 320 нафар фуқаролар давлат томонидан фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Байрам арафасида уларнинг сафига яна 321 киши қўшилди. 

Президент бир гуруҳ юртдошларимизга давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.

- Мен сизларнинг кўпчилигингизни яқиндан танийман. Ҳар бирингизни ўз меҳнати, жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан барчага ўрнак бўлаётган ҳурматли инсонлар сифатида қадрлайман.  Барчангизга тилагим битта: сизлар мана шундай ютуқ ва зафарларни қўлга киритишдан ҳеч қачон чарчаманг. Биз эса сизларга давлатимизнинг мана шундай юксак мукофотларини топширишдан чарчамайлик, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид