Жамият | 09:02 / 01.09.2018
45952
5 дақиқада ўқилади

Видео: Автомобиллар савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳақида маълумот берилди 

Автомобилсозлик саноати мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Лекин, ўтган йиллар давомида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми камайиб, тармоқнинг барча даражадаги бошқарувида коррупция, товламачилик, таниш-билишчилик каби иллатлар томир отиб кетгани соҳанинг ривожига жиддий тўсиқ бўлиб келган. Хусусан, маҳсулот йиллар давомида ўз тушумидан паст қийматда экспортга сотилган. Ўз навбатида, таннархни пасайтириш бўйича айтарли ишлар қилинмаган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мультимедия маркази лавҳасида айтилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2018 йилнинг ўтган даври давомида автотранспорт воситаларини автосалонлардан ноқонуний равишда олиб чиқиб бериш, расмийлаштириш билан боғлиқ коррупция, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар бўйича жами 45та жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланган ушбу жиноят ишлари ҳудудлар кесимида кўриладиган бўлса, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Жиззах вилоятларида 1тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 2тадан, Андижон ва Хоразм вилоятларида 3та, Фарғонада 4та, Тошкент шаҳрида 11та, Бухоро вилоятида 12та шундай ҳолатлар рўй бергани кузатилади.

Рақамлардан англаш мумкинки, бу борадаги қинғирликларда бухоролик ва пойтахтлик қўштирноқ ичидаги “шоввозлар” етакчилик қилмоқда.

2018 йил 17 май куни Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Фуқаро Суҳроб Баротов томонидан Умида Бўстоновага Бухоро шаҳридаги автосалонлардан юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали “Каптива” русумли автомашинани тез орада олиб бераман, дея ваъда берилади. Хизмат эвазига эса Суҳроб Баротов 1500 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланади. 

Ана шундай яна бир фирибгарлик ҳолатига департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан чек қўйилди.

Хонқа тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи фуқаронинг қилган мурожаатида кўрсатилишича, Урганч шаҳрида яшовчи, “Хоразмавтосавдо” МЧЖда ишлайдиган Азамат исмли шахс “Дамас” русумли автомашина сотиб олиш шартномаси учун ундан 1100 АҚШ доллари талаб қилган. Фуқаронинг аризаси юзасидан 2018 йил 25 август куни тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаро Азамат Юсупов фирибгарлик йўли билан 1100 АҚШ долларини олган вазиятда ашёвий далиллар билан ушланди. 

Департаментнинг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, Чилонзор туманида жойлашган “Автотеххизмат” МЧЖ муҳандиси Зоҳидов танишлари орқали фуқаро Асановага Юнусобод туманида жойлашган “Ҳумо” автосалонидан “Ласетти Жентра” русумидаги автомашинани сотиб олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 900 АҚШ долларини 17-шаҳар клиник шифохонаси олдида олаётган пайтда қўлга олинди. Лекин Зоҳидов ўз кўрсатмасида бу маблағнинг 700 АҚШ долларини “Автотеххизмат” экспедитори Назаровга беришини маълум қилди. Шунга мувофиқ ўтказилган тезкор ҳаракатлар давомида Назаров Зоҳидовдан ушбу маблағни олаётган вақтда департамент ходимлари томонидан қўлга олинди.

Яна бир фирибгарлик ҳолати Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими ходимлари ва ички ишлар вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фош этилди. Гап шундаки, марғилонлик Орипов ва Дадабоев ҳамда андижонлик Балтабаевлар Андижон шаҳридаги «Бобур» МЧЖ автосалонининг Салиев билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро Пармановага “Нексия-3” русумли автомашинани навбатсиз, бир кун муддат ичида сотиб олиб беришни ваъда қилишади. Эвазига талаб қилинган 700 АҚШ долларини ўша автосалон олдида олишаётган пайтда қўлга олинади.

Шунингдек, фуқаро Арзиевнинг мурожаатига асосан, Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари ва ички ишлар вакиллари ҳамкорлигида жорий йилнинг 22 май куни тезкор тадбир ўтказилди. “Сирдарёавтотеххизмат” МЧЖ ижро интизоми ва иш юритиш бўйича мутахассиси Уралов ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фирибгарлик, яъни ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида фуқаро Арзиевга Тошкент шаҳрида жойлашган автосалонлардан танишлари орқали “Спарк” русумли автомашинани сотиб олиш учун шартнома олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилади. Тезкор тадбир давомида Уралов кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Таҳлилларга кўра, фирибгарлар томонидан ноқонуний йўл билан сотиб олинмоқчи бўлган автомобиллар рейтингида, оммабоп ҳисобланган “Нексия”, ўзининг ташиш ҳажми ва кенглиги билан “Дамас” етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда бироз қимматроқ “Ласетти” ва “Каптива”. Бундан ташқари, “Кобалт” ва “Спарк”. Шунингдек, бошқа маркадаги автомобиллар. 

Юқорида келтирилган фирибгарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Мавзуга оид