Спорт | 13:39 / 01.09.2018
10024
2 дақиқада ўқилади

Жасурбек Латипов: «Жанглар ўйлаганимдан ҳам қийинроқ кечди»

2018 йилги Осиё ўйинларининг бокс баҳсларида -52 вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Жасурбек Латипов тақдирлаш маросимидан сўнг Kun.uz мухбирига қисқача интервью берди.

«Осиё ўйинларининг бокс баҳслари мен ўйлаганимдан ҳам кучлироқ кечди. Мен Осиё ўйинларига биринчи рақамли боксчи бўлиб келганман, сабаби ўтган йили Осиё чемпионига айландим, Жаҳон чемпионатида эса кумуш медални қўлга киритдим. Бундай рақиблар тўғри келади, деб ўйламагандим. Биринчи куниёқ Олимпиада совриндори, иккинчи куни мезбон боксчи, ярим финалда асосий рақибим бўлиб келган қирғизистонлик спортчи, финалда филиппинлик кучли рақиб билан баҳс олиб бордим.   

Бу тайёргарлигимиз, қилган меҳнатларимиз самараси бўлди. Биринчи жангнинг охирги раундларида жароҳат олгандим. Бироқ, рингга чиққан пайтда бу жароҳат кўринмайди, сабаби рингда фақат она ватан, оилангиз кўринади. Чунки бу бизнинг нонимиз. Ватанимиз олдида бу жароҳат ҳеч нарса эмас. Илк финал жангида Ҳасанбой Дўсматовнинг мағлуб бўлгани сабаб ҳам қўшимча куч билан рингга чиқдим. Ғалабамни бутун Ўзбекистонга бағишлайман», - дейди Осиё ўйинлари ғолиби Жасурбек Латипов.

Мавзуга оид