Иқтисодиёт | 17:30 / 01.09.2018
13158
4 дақиқада ўқилади

Жиззахда Халқаро инвестицион форум: иштирокчиларни нима қизиқтирмоқда?

Жорий йилнинг 29-30 август кунлари Жиззахда Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтди. Жиззах вилоятининг инвестицион салоҳияти намоён этилган ҳамда ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси ташкил этилган тадбир давлат инвестициялар қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Жиззах инвестицион форумида Белорусь, Буюк Британия, Германия, Греция, БАА, Исроил, Ҳиндистон, Испания, Латвия, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Россия, Туркия, Сингапур, АҚШ, Жанубий Корея, Япония сингари жами 28 мамлакатдан 300га яқин иштирокчилар қатнашди. Шунингдек, форумда чет эл дипломатик миссиялари вакиллари жумладан, Италия фавқулодда ва мухтор элчиси Андреа Бетроцци, Ҳиндистон фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар, Хитой Халқ Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь, Қувайт фавқулодда ва мухтор элчиси Халед Абдулла аль-Джайран, Туркия фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмет Башар Шен иштирок этишди.

Форумда, шунингдек, Ўзбекистондаги Халқаро Банк ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори, Тошкентдаги ТИКА ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чаглар, Ўзбекистондаги Commerzbank AG Германия банки ваколатхонаси раҳбари Бодо Тёнс, ҳамда Shell  Global Solutions International BV, Wehrhahn GmbH, McDermott International, Husain Cermet Co, Jamil Azizi General Trading LLC, Geeta Pharma, Bay Tea Group, Indorama Corporation, Alliance Capital K/S, Elvan Saglik Turizmi Ltd, LG International corporation ва бошқа кўплаб йирик хорижий компаниялар вакиллари фаол бўлди.

«Инвестицион форумни ўтказишдан кўзланган мақсад – халқаро ишбилармонлик доиралари вакилларини Жиззах вилоятининг иқтисодий – ижтимоий ривожланиш даражаси билан таништириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш», дейди тадбирда сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари Сухроб Ҳолмуродов.

 Маълумот учун, айни пайтда Жиззах вилоятида 2 эркин иқтисодий зоналар мавжуд. Булар «Жиззах» ҳамда яқинда асос солинган «Зомин-фарм» эркин иқтисодий зоналари. «Зомин-фарм» ЭИЗ худудида фармацевтика маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда. 

«Жиззах» ЭИЗ ҳудудида қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика, машинасозлик ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятлари йўлга қўйилган. Ҳусусан, бугунги кунда 16 хорижий ташкилотлар ушбу эркин иқтисодий зонада ўз маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. Auto Pad Systems, Juita Gulshana Invest, Smart vision каби масъулияти чекланган жамиятлар шулар жумласидандир. 

Қайд этиш керак, Жиззах вилояти географик қулай ҳудуддир. Бу ернинг яна бир ўзига ҳос жихати тоғлар ва тоғ ёнбағирларида таркибида темир, олтингугурт, водород, радий, кремний кислотаси, карбон гази, ишқорли термоминераллар бўлган шифобахш сув манбаларининг борлигидир. Вилоятда табиий ресурсларга бой 40та йирик кон мавжуд. Хусусан, 1та олтин, 2та кумуш, 3та рангли металл конларидан ҳозирги кунда Республика ва вилоят иқтисодиёти учун фойдали бўлган хом ашё қазиб олинмоқда.  

Ривожланаётган худудлардан бири саналган Жиззах вилояти инвестицион лойиҳаларнинг энг асосий нуқталаридан бирига айланиши мумкин. Худуднинг барча имкониятлари 2 кунлик форум доирасида тўлиқ намоён этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, давлат инвестициялар қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси иштирокида семинарлар тушкил этилади. 

Инвестиция форуми қатнашчилари B2G ва B2B шаклларида ташкил этиладиган кооперация биржаларида иштирок этишди. Тадбир доирасида инвесторлар ўзларининг фаолиятларидан келиб чиққан холда хорижлик хамкорлар билан ташкил этилган вилоятдаги қўшма корхоналар ҳамда махаллий компанияларга ташриф буюриб, уларнинг қўшма лойиҳалари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Мавзуга оид