Ўзбекистон | 12:56 / 05.09.2018
4748
2 дақиқада ўқилади

Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистон ва Миср президентларининг кенг доирадаги музокараларида Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Миср туризм соҳасида катта салоҳият ва тажрибага эга мамлакат. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам ушбу тармоқ жадал ривожланмоқда. Музокараларда бу соҳадаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун Мисрдан келадиган сайёҳларни кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди. Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.

Музокараларда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид