Нотариат тизимида қандай янгиликлар кутилмоқда?
Яқин-яқингача аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматлар сифатининг паст даражадалиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундиришнинг шаффоф эмаслиги, шунингдек, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг мазкур тизимга бўлган ишончини пасайтириб, ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Айниқса, бу коррупция ҳолатларининг пайдо бўлишига имкон яратгани жиддий муаммоларни келтириб чиқаргани барчамизга аён ҳақиқат, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бунёджон Эшонқулов.
Ўтган қисқа вақт ичида президент Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур соҳани тубдан такомиллаштириш борасида изчил ислоҳот бошланди. Аввало, соҳанинг ҳуқуқий асослари қайта кўриб чиқилиб, қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Халқимиз манфаатига мос, одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларга қулайлик яратишга хизмат қиладиган, шаффоф тартиб-таомиллар ўрнатилди.
Бироқ кун ўтгани сайин ҳар қандай жабҳага янгилик киритиб, қулайликлар кўламини ошириб боришни даврнинг ўзи тақозо қилади.
Шу маънода, президентнинг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борадаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Нотариат институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди.
Ушбу қонунда бир қатор муҳим жиҳатлар ўз аксини топган. Жумладан, ушбу ҳужжатда кўчмас мулк ижараси ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлашни бекор қилиш, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни республикадаги исталган нотариал идорада расмийлаштириш, жисмоний ва юридик шахслар нотариал тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаганда, ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ҳақ тўлашдан озод этилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг нотариал идораларга электрон мурожаат қилиш тартиби белгиланмоқда.
Мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишга тақиқ қўйиш ва уни бекор қилиш нотариал ҳаракати ва унга алоҳида давлат божи тўланиши нормаси ҳам чиқариб ташланди. Шунингдек, қонунга юридик шахснинг ваколатли бошқарув органи мурожаатига кўра, унинг коллегиал органи томонидан қарор қабул қилинганлик фактини тасдиқлаш, нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ тартиби, айрим турдаги битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёнини мажбурий аудио ва видео ёзувда қайд этиш, нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва уларни ротация қилиш ҳамда бошқа ўзгартишлар киритилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши келгусида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг ролини оширишга, нотариал хизматларнинг самарали, шаффоф тизимини яратишга ҳамда соҳани ҳалол, юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришга кўмаклашади.
Мавзуга оид
08:45 / 07.08.2024
Қишлоқ хўжалиги кадрларини қайта тайёрлаш институти ташкил этилади
11:27 / 27.07.2024
1 августдан Рақамли криминалистика институтига бир қатор ҳуқуқлар берилади
08:26 / 10.07.2024
Хоразмда пул эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди
09:40 / 23.05.2024