Жорий йил баҳорида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 62-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 15 минг гектардан ортиқ майдонга экспортбоп аччиқ қалампир кўчатлари қадалди.

Ўша вақтда катта шов-шув кўтарилиб, бир кило аччиқ қалампир жаҳон бозорида фалон доллар экан, ўзбек фермерларидан килосини фалон сўмдан олишаркан, деҳқоннинг кўкрагига ҳам шамол тегадиган кунлар келди, қабилида сўзлар янгради. Аммо оддий ҳақиқат шуки, жўжани кузда санашади.

Сўнгги вақтларда қалампир етиштирган ва тайёр маҳсулотни кимга сотишни билмай боши қотган деҳқонлар ва фермерлардан шикоят аризалари кўпайиб бормоқда. Улар шартнома бўйича маҳсулотни харид қилиши керак бўлган ташкилотлар (булар: Chiliuz, Nova Agro, Big Agro, Bekklaster) фермерларга алоқага чиқмаётганлари, етиштирилган маҳсулотни харид қилиш пунктлари ҳам маълум эмаслигини айтмоқда. Қалампир кўчатларини Agrobank кредити эвазига мажбуран харид қилиб эккан фермерлар орасида маҳсулотни сотиб олувчи ташкилотлар раҳбарлари хорижга чиқиб кетибди, банк кредитни тўлашни талаб қилса, ҳовлисига қалампирни олиб бориб, тўкамиз қабилидаги гап-сўзлар бўлаётгани ҳам қулоққа чалинмоқда.

Kun.Uz сайти мухбири шу каби мурожаатлар кўпайгани боис, мамлакатда етиштирилган қалампирни харид қилиш ва экспорт қилиш ишлари қай даражада эканини билиш мақсадида даставвал Президент қарори билан масъул ташкилотлардан бири сифатида белгиланган “Ўзозиқовқатхолдинг” компанияси билан боғланди. Бу ерда мазкур масала бўйича Chiliuz фирмаси ва “Ўзагроэкспорт” ташкилоти жавобгар эканини билдиришди.

“Ўзагроэкспорт”дагилар Chiliuz фирмасини кўрсатишди. Шундан сўнг, “қалампир эктириш” кампанияси ижроси учун масъул фирмалардан бири – Chiliuz (ваҳоланки, юқоридаги икки ташкилот ушбу фирма таъсисчилари ҳисобланади) директори Ботир Машарипов (2018 йил 28 июндан ушбу лавозимда фаолият юритмоқда, бунгача GMG фирмаси директори Фурқат Баҳромов раҳбар эди) билан учрашиб, суҳбатлашдик.