2018 йил март ойида Хоразм вилояти, Гурлан тумани, Вазир қишлоғи «Дўстлик боғи» маҳалласининг ўнлаб хонадони ичимлик суви таъминотига уланди. Бироқ, одамларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Олдинига, бир неча ҳафта давомида сув таъминотида узилишлар пайдо бўлди, сўнгра маҳалла хонадонлари ундан буткул узилди.

Маҳалланинг 18 нафар хонадони бу муаммо юзасидан кўплаб идораларга, мутасадди ходимларга арз қилишди. Аммо, фойда бермагач, KUN.UZ таҳририятига мурожаат этишди. Биз Гурлан тумани Вазир қишлоғига бориб, мурожаатчилар билан учрашдик, вазиятни ўргандик.

2017 йили Вазир қишлоғи «Дўстлик боғи» маҳалласини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бир неча йиллардан бери ер ости сифатсиз сувларини истеъмол қилиб келаётган маҳаллий аҳоли буни кўтаринки кайфиятда қарши олди.

Аҳолига эса сув таъминоти тизимига уланиб олиш таклиф қилинди. Бироқ, кўпчилик бу масалага танқидий ёндашди, улар: «Олдин кўрайлик, сув келсин, таъминот узлуксиз бўлса, қувурларга уланиб оламиз», деб кутиб туришга қарор қилишди. 20га яқин хонадон эса ваъдаларга ишониб, катта маблағ сарфлаб, сув таъминоти тизимига уланиб олишди.

500 минг сўм сарфлаб, сув қувурига уланиб олган хонадоннинг сув жўмраги - ундан сув келмайди.

Шу маҳалла аъзоси, 58 ёшли Бахтиёр Тилавов гапига кўра, сув таъминоти атиги бир ой ишлаган холос.

«Маҳалламиз ҳудудидан ўтган янги сув қувурига хурсандчилик билан уландик. Оиламиз билан тоза ичимлик суви ичарканмиз, деб қувондик. Аммо, сув атиги бир ой берилди холос. Олдинига, кўплаб авариялар сабабли, узилишлар вужудга келган бўлса, кейинчалик сув бутунлай тўхтаб қолди».

57 ёшли Сотимбой Шерназаров қўшнисининг гапини тасдиқлаган ҳолда, қувурга уланиб олиш учун катта пул сарфлаганини, бироқ, тоза ичимлик суви таъминоти тўхтаб қолганини айтди.

Ер остидан ўтган сув қувури ёрилиб, ичимлик суви далага оқиб кетган жой

«Сув қувурига уланиб олиш учун ўзим 500 минг сўм сарфладим. Бошқа хонадонлар ҳам шу қиймат атрофида харажат қилишди. Аммо атиги бир ой сув ичдик холос. Олдинига қувурлар ёрилиб, сув таъминотида узилишлар пайдо бўла бошлади. Кейинчалик, сув бутунлай келмай қолди».