Ўзбекистон | 14:38 / 19.09.2018
48922
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси виза олиш жараёнини соддалаштирди

Фото: KUN.U

2018 йил 21 сентябрдан бошлаб Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси танланган тўққизта ваколатли сайёҳлик фирмалари орқали ҳужжатларни тақдим этишнинг янги тартибини жорий этмоқда.

«Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиши муносабати билан виза олиш учун ариза берганлар сони кескин ўсди. Бу эса, ўз навбатида, текшириш ва виза беришда бироз кечикишларга, ариза берувчиларнинг ҳужжатларни топшириш вақтида ва натижаларни олишида кутиб қолишига олиб келди», - дейилади элчихона хабарида.

Юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида элчихона тўққизта сайёҳлик фирмасини танлаб олди, улар виза олиш учун ҳужжатларни топшириш ва элчихонанинг ўрнига визаларни ёки рад жавобини бериш бўйича фаолиятни амалга оширади.

Дипломатик миссиядан таъкидлашларича, шу сабабли мурожаат этувчилар қулай жойлашган ваколатли сайёҳлик фирмаларига ҳужжатларни тақдим этишлари ва у ердан тайёр визаларни олишлари мумкин. Шу тариқа, уларнинг вақти ва пули тежалади. Ушбу қоида ҳужжатларни топширувчи Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари ва хорижий фуқароларга нисбатан амал қилади.

Шуни назарда тутингки, 2018 йил 21 сентябрдан 2018 йил 1 октябргача элчихона ҳужжатларни қабул қилиш ва натижаларни бериш фаолиятини ваколатли саёҳатлик фирмалари билан биргаликда амалга оширади.

Шу билан бирга, 2018 йил 2 октябрдан бошлаб ҳужжатларни қабул қилиш ва натижаларни бериш фақатгина ваколатли туристик фирмалар орқали амалга оширилади.

Ваколатли сайёҳлик фирмалари Тошкент ва Самарқандда жойлашган.

Сайёҳлик фирмалари рўйхати: GOLDEN TOUR, VIP-LARUS, ORIGINAL EVEREST, AYURVEDA TOUR, ORIENT DESK SERVICE, FLY TEAM, BESTA, ONGDALSAM (Самарқанд) ва ASPAN TOUR.

Мавзуга оид