Спорт | 14:27 / 20.09.2018
11721
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, мураббийлари тақдирланди

Маълумки, жорий йилнинг 18 август- 2 сентябрь кунлари Индонезия давлатининг Жакарта шаҳрида ХVIII Осиё ўйинларида бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Андижон вилоятида камол топган бир қатор спортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этдилар. Улардан 6 нафари ғолиб ва совриндор бўлди.

19 сентябрь куни “Соғлом авлод” стадионида ўтказилган “Андижон”-“Бунёдкор” клублари ўртасидаги футбол баҳсидан олдин, минглаб томошабинлар иштирокида Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган андижонлик спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбирда сўзга чиқиб, нуфузли мусобақадан юзи ёруғ бўлиб қайтган спортчилар, мураббийлар ва уларнинг ота-оналарини андижонликлар номидан табриклади.

Сўнг Осиё ўйинларида олтин медалларни қўлга киритган Руслан Нурудинов, Жасурбек Латипов ва Иқболжон Холдоровларга вилоят ҳокимининг 30 миллион сўмдан, Осиё ўйинлари кумуш медали соҳибига айланган Ҳасанбой Дўсматов ва Омадой Отақўзиеваларга 20 миллион сўмдан,мусобақаларда бронза медалига эга бўлган Ойсулув Абдумажидовага 15 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари берилди.

Шунингдек, уларнинг мураббийлари, Ўткирбек Ҳайдаров, Абдувоҳид Жалолов, Зиёвуддин Тайғонбоев, Наимжон Турғунов, Собиржон Пардаевлар ҳам вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Элмурод Эрматов, Андижон

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид