KUN.UZ таҳририятининг “Очиқ мулоқот” лойиҳаси ўқувчиларнинг кўплаб саволларига жавоб беришда ва асосий мурожаатларга ижобий ечим топишда кўмаклашиб келмоқда. Ана шу лойиҳа асосида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев билан соҳага доир муаммолар, уларнинг ечими борасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги мақсадлар ҳақида суҳбатлашдик.

- Хабарингиз бор, вазирлигимиз 2017 йилнинг 18 апрель куни президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган. Вазирлик ташкил этилгач, соҳа мутахассислари ишларни янада чуқурроқ ўрганишлари давомида биз билган муаммолардан ташқари, бошқа муаммолар ҳам борлигини билдик. Хусусан, энг катта муаммоларимиздан бири ширкатлар фаолияти билан боғлиқ ҳолатлардир. Мазкур муаммони бартараф этиш учун, энг аввало, ширкатлар фаолияти бўйича қабул қилинган қонунга ўзгартириш киритишни мақсад қилганмиз. Бунга асосий сабаб, айни кунда фаолият кўрсатаётган ширкатларимизни ўз олдиларига қўйган қонуний вазифаларни бажара олишмаётганидадир. Бундан ташқари, вазирлигимиз қошида ширкатлар фаолиятини назорат қилувчи инспекциямиз бор. Мана шу инспекция фаолияти юзасидан ҳам мавжуд қонунларга ўзгартириш киритиш мақсадимиз бор.

Бундан ташқари, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда профессионал бошқарув компанияларини ширкатлар бошқарувига тарғиб қилиш бўйича ҳам режали ишлар олиб борилмоқда. Биз Тошкент шаҳри, Олмазор туманида фаолият юритаётган ширкатларни тафтиш этганимизда, уларнинг 30 фоизи картотекада турганлигини, истиқболда улар ўз фаолиятларини юритишларида ҳар-хил масалалар чиқиши мумкинлигига гувоҳ бўлдик. 

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев

Вазирлигимиз бундан 15 йил олдин ўз фаолиятини тугатган эди. Шу сабаб тизимда турли муаммолар юзага чиқиб келаверган, жумладан, кадр ва мутахассислар масаласида ҳам. Шу сабаб кадрлар тайёрлаш масаласида ҳам тизимли ишлар ташкиллаштирганмиз. Мисол сифатида айтиб ўтсам, Сирдарё вилоятида Бешбулоқ деган катта сув омбори бор. Мана шу объектга энг замонавий технологияларни жойлаштирганмиз, уларнинг қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Аммо масала шундаки, шу ерда ишлайдиган, шу ерда ўрнатилган замонавий технологияларни тушунадиган мутахассисларнинг етишмаслигида, - деди М.Салиев.

Вазир фуқаролар мурожаати, уларнинг қийнаб келаётган муаммоларга ҳам ўз эътиборини қаратди.