Спорт | 12:46 / 21.09.2018
39354
9 дақиқада ўқилади

«Уэмбли»да супержанг. Поветкин учун охирги имкон

22 сентябрь куни Буюк Британиядаги «Уэмбли» стадионида катта бокс кечаси бўлиб ўтади. Бу бокс оқшомидан йилнинг асосий жангларидан бири ўрин олган. Икки олимпия чемпиони, ўз мамлакатларининг оғир вазндаги энг кучли боксчилари, буюк британиялик 28 ёшли Энтони Жошуа ҳамда россиялик 38 ёшли Александр Поветкин ўзаро рингга чиқади. 90 минг мухлисни ўз бағрига сиғдирадиган «Уэмбли» стадиони ўртасига катта ринг ўрнатилган. Жанг Тошкент вақти билан соат 24:00да бошланади.

Фото: Twitter / @MatchroomBoxing

Жанг арафасида рақиблар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди, унинг давомида боксчилар ўртасида анъанавий қарашлар дуэли ўтказилди.

Фото: Bryn Lennon/Getty Images

Қарама-қаршилик тарихи
Замонавий боксда супер оғир вазн тоифасининг асосий камарларидан 4тасига -  WBA Super, IBO, IBF ва WBO камарлари эгалик қиладиган Энтони Жошуа профессионал рингда 21та жанг ўтказиб, 21 ғалаба қайд этган (20таси нокаут билан). Жошуа олмаган бир камар — WBC (Бутунжаҳон бокс кенгаши) камари қолган. Ҳозирда мазкур камар америкалик 32 ёшли боксчи Деонтей Уайлдерга (40-0-0, 39 KO) тегишли ҳисобланади. 

Уайлдер шу йилнинг 3 мартида кубалик Луис Ортисга қарши жангда камарини муваффақиятли ҳимоя қилганди. Жошуа эса 1 апрелга ўтар кечаси Кардиффдаги Principality Stadium аренасида янги зеландиялик Жозеф Паркердан WBO камарини тортиб олганди.

Фото: https://www.instagram.com/anthony_joshua/

У энди WBC камари учун Уайлдерга қарши жангга даъво қила бошлади.

Аммо ўша оқшомда WBA Regular бўйича собиқ жаҳон чемпиони, россиялик Александр Поветкин ҳам англиялик рақиби Дэвид Прайсни жангнинг 5-раундидаёқ нокаутга учратди. Шундан сўнг, Поветкин WBA Super камари учун Энтони Жошуага мажбурий даъвогарга айланди ва англиялик боксчи биринчи Уайлдерга қарши эмас, Поветкинга қарши жанг қиладиган бўлди.

Александр Поветкин профессионал боксдаги 35-жангида 34-ғалабага эришган (у ягона мағлубиятини 2013 йилнинг кузида Владимир Кличкодан қабул қилиб олган).

Жанг арафасидаги фикрлар
Жошуа Поветкинга қарши жангда рақибни муддатидан аввал мағлуб этиш ниятини кўзламаяпти. «Асосийси - ғалаба, нокаут эмас», деган боксчи.

«Мен бокс томоша қилаётганимда, нокаут кўришни хоҳлайман. Ҳа, мен мухлисларни жуда яхши тушунаман. Рингда эканимда ҳам уларнинг истагини ҳис қилиб тураман. Леннокс Льюс жанг қилган вақтларда уни жуда зерикарли боксчи деб аташарди. Аммо ҳозир у ақлли ва буюк боксчи бўлган дейишади. Чунки, тарихда ғалабалар қолади.

Боксда асосийси рақибни мағлуб этишдир. Шундай экан, ҳар қандай боксчи рингга ўз стратегияси ва ўз режалари билан чиқади. Мен нокаутчиман, агар имкон бўлса уни қулатаман. Аммо имконият бўлмаса, мен шунчаки ақл билан оддий жанг олиб бораман», деган чемпион боксчи.

Россиялик боксчи эса бу чемпионлик титулини қўлга киритиш учун охирги имкон бўлиши мумкинлигини тан олмоқда.

«Мен хотиржамман. Ёш ва кучли жаҳон чемпиони билан жанг учун тайёрман. Бу синов. Умуман, ҳар бир жанг синов. Мен яқинда 39 ёшга тўламан ва бу жанг мен учун жуда муҳим. Бу балки жаҳон чемпиони бўлишим учун охирги имкондир.

Умуман, мен яхши тайёрландим. Ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман», деган спортчи.

Боксчилар тарихи
Энтони Жошуа бокс билан 18 ёшга чиққанидан кейингина шуғуллана бошлаган. Аммо у тезда тажриба тўплаб, мамлакатдаги турли даражадаги турнирларда ғалаба қозонган. У 2010 йили оғир вазнда Англия чемпионига айланади. Ҳаваскор боксда 43 жанг ўтказиб, шундан 40 мартасида ғалаба қозонган Жошуа 2011 йили Бокуда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медаль эгаси бўлади ва олимпиада йўлланма олади. Жошуа 2012 йилги Лондон Олимпиадасида +91 кг вазн тоифасида иштирок этиб, турнир давомида кубалик Эрисланди Савон, хитойлик Чжан Чжилэй, қозоғистонлик Иван Дичко ҳамда италиялик Роберто Каммареллени мағлуб этади ҳамда Олимпиада ғолибига айлангач, 2013 йилда профессионал боксга кириб келади. 

У профессионал рингда одатга кўра дастлаб кучсиз рақибларга қарши жанглар ўтказилади ва рейтингини яхшилайди. Унинг илк жиддий рақиби 2015 йилда америкалик Кевин Жонсон бўлади. Жошуа бу рақибни ҳам 2-раунддаёқ нокаутга учратади ва WBC рейтингида 2-ўринга кўтарилиб олади. Кейин у Гэри Корниш, Диллиан Уайт каби боксчиларни ҳам нокаутга учратади. Унга қарши чиққан боксчилар ўз фаолиятида илк мағлубиятларини қабул қилишарди.

2016 йилнинг апрелида Жошуа IBF камари учун америкалик Чарльз Мартинга қарши рингга кўтарилади ва ундан камарни тортиб олади. 2016 йилнинг июнида Жошуа америкалик енгилмас боксчи Доминик Бризилни енгади. Бу унинг илк ҳимоя жанги бўлади. Кейинги ҳимоя жангида яна бир кучли боксчи Эрик Молина мағлуб этилади.

2017 йилнинг апрель ойи охирида эса Жошуа супероғир вазн тоифасида WBA, IBF ва IBO йўналишлари ғолиби, украиналик собиқ жаҳон чемпиони Владимир Кличкога қарши рингга кўтарилди. IBF ва WBA йўналишлари чемпионлиги тикилган жангнинг 11 раундида ёш боксчи тажрибали рақибини техник нокаутга учратди. Эътиборли жиҳати, бунгача Жошуага қарши чиққан рақиблардан ҳеч ким еттинчи раундан нарига ўта олмаганди. Кличко бу борада биринчиси бўлди. Бу жангдан кейин Кличко боксни тарк этди.

Фото: Google Images

2017 йилнинг августида Жошуа ҳимоя жангида Карлос Такамни нокаутга учратди. Бу Жошуанинг қаторасига 20 жангда рақибни нокаутга учратиб, афсонавий Майк Тайсоннинг рекордини йўққа чиқарди.

2018 йил мартида янги зеландиялик Жозеф Паркер мағлуб этилди ва WBO камари қўлга киритилиб, Жошуа жаҳон чемпионлиги камарлари сони бўйича Геннадий Головкиннинг натижасини такрорлади. Энди мутлақ жаҳон чемпиони бўлиш учун унга Деонтей Уайлдернинг WBC камари керак. Фақат ундан олдин Поветкинга қарши ҳимоя жангида ҳам ғалаба қозониш талаб этилади.

Александр Поветкин

Фото: «Sportbox.ru»

Александр Поветкин 2000 йилда -91 кг вазн тоифасида Россия чемпиони, 2001—2002 йилларда +91 кг вазн тоифасида Россия чемпиони, 2002 ва 2004 йилларда Европа чемпиони, 2003 йили жаҳон чемпиони, 2004 йилда Олимпия чемпиони.

2005 йилда профессионал боксдаги фаолиятини бошлаган Поветкин 2011-2013 йилларда WBA йўналишида доимий жаҳон чемпиони бўлган, 2014 йилда WBC Silver титулини, 2017 йилда эса WBO International ва WBA Continental титулларини қўлга киритган.

У фаолияти бошида Ларри Дональд, Крис Бёрд, Эдди Чемберс, Таурус Сайкс, Жейсон Эстрада ва Леон Нолан каби рақибларни мағлуб этган. 2011 йилда ўзбекистонлик Руслан Чагаевни ҳакамлар баҳоларига кўра мағлуб этиб, ундан WBA камарини тортиб олган. 2012 йили камарни Ҳасим Раҳмондан, 2013 йили Анжей Вавжикдан муваффақиятли ҳимоя қилган. Ўша йилда IBF ва IBO камарлари учун жангда украиналик Владимир Кличкодан мағлуб бўлган. 

Допинг можароси
2016 йилда боксчи тақиқланган моддалар қабул қилишда айбланди ва WBC рейтингидан чиқариб ташланди. 

2016 йилнинг 17 декабрь куни Поветкиннинг канадалик Бермейн Стивернга қарши жанги олдидан, яъни, 6 декабрь куни топширган допинг намунасида тақиқланган модда аниқлангани ҳақида маълум қилинганди. Тест натижасига кўра, россиялик боксчининг намунасида САРМ гуруҳига кирувчи Остарин моддаси аниқланган эди.

Кейинроқ Россия профессионал бокс федерацияси вице-президенти ва Поветкиннинг промоутери Андрей Рябинский боксчининг намунасида тақиқланган препарат бўлган, аммо уни дисквалификация қилиш учун етакли миқдорда бўлмаганини маълум қилганди. Бироқ, унинг «B» намунасида допинг борлиги аниқланди.

Кейинроқ ундан айбловлар олиб ташланди ва у Бермейн Стиверн ўрнига франциялик Йоанн Дюопага қарши жанг қилиб, ғалаба қозонди.

Эслатиб ўтамиз, 22 сентябрь кунги жанг кечасида ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов ҳам рингга чиқади.

Фото: Google Images

Шаҳрамга ўша кунги баҳсда никарагуалик Хулио Лагуна рақиблик қилади. Ғиёсов шу кунгача проф рингда тўрт маротаба рингга чиқиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган (3 таси нокаут). Лагуна эса 14 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғолиб бўлган. 10 та жангни муддатидан олдин якунлаган.

Мавзуга оид