Жамият | 12:23 / 21.09.2018
15591
3 дақиқада ўқилади

Ваъда қилинган кун келди, аммо ҳокимият мутасаддилари нега уни бажаришмаяпти?..

KUN.UZ таҳририятига Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, “Янги Белтепа” маҳалласидаги 24-уйда истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида шу йилнинг 14 сентябрь куни “Янги Белтепа” маҳалласига бордик ва шу ерда яшовчи фуқароларнинг сўзларига қулоқ тутдик. Тўғрисини айтганда, маҳалланинг аҳиллигига одамнинг ҳаваси келди. Бу кўп қаватли уйларда 72 та хонадон истиқомат қилиб келмоқда. Фуқаролар кўп қаватли уйларнинг олд ҳовли қисмига кафеллар териб, чиройли қилиб қўйишган. Фақат бу манзарани тупроқ бўлиб ётган йўл бузиб турибди. Мурожаат мазмуни ҳам айнан шу йўллар ҳақида…

Мазкур кўп қаватли уйларнинг олдидаги йўл “Обод маҳалла” дастурига тушганлиги боис 2018 йил 26 июнда 3 кун ичида қайта қуриб берамиз деган ваъда билан бузиш бошланган, лекин ҳалигача маҳалладагилар қурилишдан умидвор бўлиб сабр қилишмоқда. Фуқароларнинг сўзларига қараганда, шундан бери шу аҳвол - ёрдам сўрамаган, ёзмаган жойлари қолмаган. “Келишади, кўришади лекин қурилиш бошланмайди. Бир ҳафтадан кейин дейишди, 10 кундан кейин дейишди, байрамдан кейин дейишди, лекин мана кўряпсиз ҳалигача бирон бир дарак йўқ, келишгани йўқ”, дейишди маҳалла одамлари.

Бизни қизиқтирган масала: биринчидан, бу йўл “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлса, уни қуриш учун барча маблағлар ажратилган, қурувчи ташкилотни ҳам аниқлаб, келишиб қўйилган бўлиши керакмасми?

Иккинчидан, қайта қурилиш чўзилиши мумкин экан олдиндан бузиб ташлаш шартмиди?

Ўзи яхши турган йўлдан аҳоли фойдаланиб турганда бўлмасмиди?

Бундан буёғи ёғингарчилик мавсуми келаётганини ҳисобга олсак, бу тупроқ йўллар ёмғирда лойга айланиши маълум. Бу эса мазкур кўп қаватли уйдагилар учун яна бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Маҳалладагилар шундан хавотирда.

Масалага изоҳ олиш, йўл қурилиши нега кечиктирилаётганига ойдинлик киритиш мақсадида Шайхонтоҳур туман ҳокимиятига бордик. Туман ҳокимининг Капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акромхон Нажмиддинов билан суҳбатлашдик. Ҳоким ўринбосари бизга “Янги Белтепа” маҳалласи “Обод маҳалла” дастурига тушганлиги, ҳамма нарса тайёрлиги бўйича ҳужжатларни тақдим этди ва йўлни таъмирлаш ишлари 19 сентябрь куни бошланишига ваъда берди. Биз ҳам ушбу ваъдага ишонган ҳолда маҳалла фуқароларига йўл қурилиши 19 сентябрь чоршанба куни бошланиши хабарини мамнуният билан етказдик. Ваъда қилинган кун ҳам келди. Лекин ҳалигача қурилиш бошланишидан дарак йўқ.

Акромхон Нажмиддинов

Ўйлаймизки, Шайхонтоҳур тумани, “Янги Белтепа” маҳалласи, 24-кўп қаватли уйлардаги 72 та хонадонга хизмат қилиб келаётган йўлни таъмирлашга тегишли ташкилотлар эътибор қаратишади.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид