10:49 / 22.09.2018
8135

"Флоренс" довули АҚШга қанча зарар етказгани маълум бўлди

Фото: AP

АҚШга "Флоренс" довулидан етган зарар 38дан 50 миллиард долларгачани ташкил этади. Moody's Analytics агентлиги ана шундай ҳисоб-китобни эълон қилди, деб хабар берди Wall Street Journal.

Қайд этилишича, бунда мулк, транспорт воситалари ҳамда маҳаллий корхоналарнинг тўхтаб қолиши натижасида олмаган фойдалари миқдори ҳисобга олинган. Суғурта компанияларининг довулдан сўнг тўлайдиган тўловлари умумий миқдори 1,7дан беш миллиард долларгача бўлади.

Шу тарзда "Флоренс" АҚШ тарихидаги энг талофатли довуллар рўйхатида еттинчи ўринга жойлашди. 2017 йил августда Техас штатида юз берган "Харви" тўфони 133,5 миллиард доллар зарар келтирганди. Кейинги ўринда "Мария" (120 миллиард доллар) ва "Ирма" (84,2 миллиард доллар) жойлашган.

Сўнгги маълумотларга кўра, 14 сентябрда Шимолий ва Жанубий Каролина штатларига ёпирилган довул оқибатида 41 киши қурбон бўлган.

Top