Спорт | 14:00 / 25.09.2018
18215
2 дақиқада ўқилади

Абрамович «Челси»нинг нархини маълум қилди

«Челси» хўжайини Роман Абрамович клубни камида 3 миллиард фунт стерлингга пуллашни мўлжаллаган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги музокаралардан хабардор манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Бундан аввалроқ Абрамович буюк британиялик миллиардер Жим Рэтклифф томонидан таклиф этилган 2 миллиард фунтни рад қилгани хабар қилинганди.

Bloomberg талқинига кўра, россиялик бизнесмен «Челси»ни Американинг эҳтимолий санкциялари туфайли сотмоқчи.

Ёзда Sunday Times нашрида Абрамович «Челси»ни сотиш имкониятларини ўрганиб чиқиши учун инвестицион банкни ёллагани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Кейинроқ клубдагилар бу маълумотни рад этишди.

Абрамович «Челси»ни 2003 йили 140 миллион фунтга харид қилганди. Ўтган вақт мобайнида Лондон клуби 5 марта Англия чемпионатида ғолиб бўлди, 5 марта Англия Кубогини қўлга киритди ва 2 марта Англия Суперкубогига эга чиқди. Шунингдек, жамоа 3 марта Англия лигаси Кубоги, бир мартадан Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасида чемпион бўлди (жами 17та соврин).

Таққослаш учун, 2003 йилгача, 98 йил мобайнида клуб фақат 9 соврин ютганди: бир марта Англия чемпионлиги, 3 Англия Кубоги, 2 Англия Суперкубоги, 2 Англия Лигаси Кубоги ва бир УЕФА Суперкубоги.

Мавзуга оид