«Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида жойлаштирилган.
 
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 19.07.2018 йилдаги ПФ–5484-сон Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) ташкил этилган. Ҳужжат шарҳи билан бу ерда танишинг. Ҳужжатга мувофиқ муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси 1 октябргача Қонунчилик палатасига киритилиши керак.      
 
Norma тақдим этилган ҳужжатдаги энг муҳим жиҳатларни ажратиб кўрсатди.
 
Ядро материаллари, қурилмалари ва сақлаш пунктлари – оборот қобилияти чекланган объектлар. Уларнинг мулкдори ё давлат, ёхуд Президент томонидан тасдиқланган рўйхатдаги юридик шахс бўлади. Ядро материалларига бўлган мулк ҳуқуқини фақат давлат раҳбари билан келишувга кўра хорижий давлат ёки компанияга бериш мумкин. Қонунга зид келувчи ҳар қандай битим арзимас саналади.   
 
Атом энергетикасини тартибга солиш соҳасидаги ваколат чегараланади. Қонун лойиҳасида Президент, Вазирлар Маҳкамаси, «Ўзатом» агентлиги ва давлат бошқаруви органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган. Масалан, давлат раҳбари мулкида ядро материаллари ва қурилмалари бўлишига рухсат этилган ташкилотлар рўйхатини тасдиқлаш билан бир қаторда: ядро қурилмалари ва сақлаш пунктларини жойлаштириш жойи; уларни лойиҳалаш, барпо этиш ва фойдаланиш; мамлакатга янги ядро ёқилғисини олиб кириш ва ишлатилганини олиб чиқиш ва ҳ.к. тўғрисидаги стратегик қарорларни ҳам қабул қилади.
 
Ҳукуматга жараённинг барча иштирокчиларини мувофиқлаштирувчи боғловчи бўғин вазифаси юклатилган. «Ўзатом» агентлиги – атом энергетикаси соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи кўпроқ амалий тусдаги вазифаларни ҳал қилади. Бошқа давлат органлари унга боғлиқ бўлган функцияларни (экспертизадан ўтказиш, объектларни физик жиҳатдан ҳимоя қилиш, экологияни муҳофаза қилиш, аварияларнинг оқибатларини тугатиш ва ҳ.к.) бажарадилар.
 
Соҳани давлат томонидан тартибга солиш ядро объектларини лицензиялаш, давлат томонидан назорат қилиш, техник тартибга солиш, хавфсизлигини вақти-вақти билан баҳолаш ва соҳа ходимларига қўйиладиган алоҳида талабларда акс этади.