18:40 / 27.09.2018
13942

Австралия ва Нидерландия МН17 ҳалокати бўйича текширув натижаларини тан олди

Фото: ТАСС/AP

Австралия Ташқи ишлар вазири Марис Пэйн Россияни Малайзиянинг «Боинг» самолёти 2014 йил июлида Украина шарқида ҳалокатга учраши бўйича Қўшма тергов гуруҳи натижаларини тан олмасликда айблади.

«Биз Қўшма тергов гуруҳи томонидан ўтказилган мустақил тадқиқотлар натижаларини қўллаб-қувватлаймиз. Афсуски, Россия гуруҳ маълумотларини тан олмаяпти. Австралия эса Қўшма тергов гуруҳининг профессионаллигига, мустақиллигига ва холислигига тўлиқ ишонади», деган у Нидерландия, Украина, Малайзия ва Бельгия Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари билан учрашувда. Бу мамлакатлар Қўшма тергов гуруҳини ташкил этишган.

Пэйннинг қайд этишича, «Қўшма тергов гуруҳи бўйича ҳамкасблар... МН17 рэйси уриб туширилиши ортида ким тургани ва айбдорни жавобгарликка тортиш бўйича масъулиятларини тасдиқлашди».

Шундай баёнот Нидерландия бош вазир Марк Рютте томонидан ҳам билдирилган.

У БМТ Бош ассамблеяси сессияси доирасида Қўшма тергов гуруҳи «авиалайнерга йўлланган ракета кимга тегишли бўлгани бўйича ишончли маълумотлар келтиргани» ҳақида айтган. У барча томонларни бу фожиа айбдорлари жавобгарликка тортилиши учун қатъият кўрсатишга чақирган.

2014 йилнинг 17 июлида Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 йўловчи самолёти Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган пайтда Донецк вилояти осмонида уриб туширилган эди. Бунинг оқибатида 283 йўловчи ва экипажнинг 15 нафар аъзоси, жами ўн мамлакат фуқаролари ҳалок бўлганди.

Шу йилнинг май ойида Қўшма тергов гуруҳи самолётга қарата учирилган ракета Россия ҳарбий қисмидан етказиб берилгани тўғрисида ҳисоботини тарқатганди.

Қўшма халқаро жамоа хулосаларидан келиб чиқиб, Нидерландия ва Австралия энди шунга аниқ ишонч ҳосил қилдики, Россия MH17’ни уриб туширишда қўлланилган «Бук» зенит-ракета мажмуасини жойлаштирганлик учун жавобгар», - дейилади баёнотда.

Россия эса айбловларни тан олмаган.

«Ўша пайтда Украина ҳудудида жанговар ҳаракатлар рўй берганди. Айнан ушбу давлат ўз ҳаво ҳудудини ёпиш бўйича керакли чораларни кўрмаган», - дейилганди Кремль баёнотида.

Top