Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мааснинг маълум қилишича, Европа иттифоқи санкциялар ва божлардан ташқи сиёсат воситаси сифатида фойдаланишни маъқулламайди. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.
«Халқаро муносабатларда тузилмавий ўзгаришлар рўй бермоқда, барча томонлар халқаро муносабатларнинг биргаликда ишлаб чиқилган принципларини ҳимоя қилишлари керак. Европа иттифоқи ташқи сиёсат воситаси сифатида санкциялар ва божлардан фойдаланишни маъқулламайди», - деди Маас ХХР ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашув вақтида.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Германия ва Хитойнинг позицияси эркин савдо, иқлим ўзгариши ҳамда Эрон ядровий муаммоси бўйича бир-бирига ўхшашдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия канцлери Ангела Меркель ўз хатоларидан афсусланаётгани хабар қилинганди.

















