Ўзбекистон | 01:08 / 28.09.2018
27866
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида президент фармони ижроси нега таъминланмаяпти?

Фото: Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори қабул қилинган.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун Тошкент шаҳри бўйича 2 600 дан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, шундан фақат 79 та мурожаат бўйича мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокимлигининг қарори чиқарилган бўлса, 2500 дан ортиқ аризалар ижроси таъминланмасдан қолмоқда.

Пойтахтнинг Бектемир, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида шу кунга қадар бирорта ҳам ноқонуний қурилган якка тартибдаги уй-жойларга нисбатан туман ҳокимлиги қарори қабул қилинмаган. Мирзо Улуғбек туманида 16 та (мурожаатлар сони 250 та), Миробод туманида 21 та (мурожаатлар сони 170 та), Юнусобод туманида 41 та (мурожаатлар сони 900 та) ва Яшнобод туманида 1 та ноқонуний уй-жойга нисбатан (мурожаатлар сони 350 та) мулк ҳуқуқи эътироф этиш ҳақида ҳоким қарори қабул қилинган, холос.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан мазкур давлат хизматини кўрсатишда иштирок этувчи ваколатли давлат органлари мутасадди ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилишига, шунингдек, МЖтКнинг 2155-моддасига кўра 31 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилганлигига қарамасдан, юқорида кўрсатилган Фармон ва қарорнинг ижроси таъминланмасдан қолмоқда. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг норозилигига ва юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга, шунингдек, давлат органларига бўлган ишончи пасайиб боришига сабаб бўлмоқда.

Мазкур Қарорнинг 5-бандида кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг ишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ишлари «республика — вилоят — туман (шаҳар)» уч поғонали принцип бўйича амалга оширилиши, шунингдек 10-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беришлари белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5421-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 461-сон Қарори ижроси мутасадди ташкилотлар томонидан тез кунларда таъминланади ва фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўйилади, деб умид қиламиз.

Мавзуга оид