Жаҳон | 08:42 / 29.09.2018
7626
1 дақиқада ўқилади

Сингапур ҳукумати аҳолига миннатдорлик сифатида 511 млн доллар тўлаб беради

Фото: REUTERS

Сингапур ҳукумати ўз фуқароларига мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун миннатдорлик сифатида 511 млн доллар тўлаб берадиган бўлди. Бу ҳақда Сингапур молия вазирлиги маълум қилган.. 

Ушбу маблағ Сингапурнинг 2,8 млн нафар балоғатга етган фуқароларига берилади. Мукофот пули миқдори фуқароларнинг 2017 йилдаги даромадлари суммасига боғлиқ бўлади.

Шу муносабат билан аҳоли уч гуруҳга бўлинган. 1-гуруҳга 2017 йилдаги даромади 28 минг Сингапур долларидан (20,4 минг доллар) кўпроқ бўлганлар киритилган. Уларга 300 Сингапур долларидан (219 доллар) мукофот пули тўланади.

2-гуруҳга даромади 100 минг Сингапур долларидан (73,1 минг доллар) ошмаганлар киритилган. Уларга 200 Сингапур долларидан (146,5 доллар) пул тўланади. 3-гуруҳга эса даромади 100 минг Сингапур долларидан ошганлар киритилган ва уларга 100 Сингапур доллари (73 доллар) миқдорида ҳақ тўланади.

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Сингапур иқтисодиёти ўсиши 3,6 фоизни ташкил қилган ва ҳукумат прогноз қилганидан 2 марта кўпроқ бўлган.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид