Ўзбекистон | 09:20 / 30.09.2018
14185
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни давлат ташрифи билан Ҳиндистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари президент Рам Натҳ Ковинднинг таклифига билан ушбу мамлакатда бўлади.

Президент Рам Натҳ Ковинд, Бош вазир Нарендра Моди ва Ҳиндистоннинг бошқа раҳбарлари билан учрашув ва музокараларда давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг аниқ йўлларини кўриб чиқиш, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Нью-Дели шаҳрида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатларини, жумладан, Ўзбекистон –Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш таклифини муҳокама қилиш учун Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида Ҳиндистоннинг қадимги пойтахти, жаҳонга машҳур меъморий обида – муҳташам Тож Маҳал жойлашган Агра шаҳрига ташриф буюради.

Ташриф якунида Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазирининг қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар, мамлакатлар ҳудудлари ва муассасалари ўртасида ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид