Жаҳон | 08:46 / 02.10.2018
11774
2 дақиқада ўқилади

Агар спиртли ичимлик истеъмол қилганимда даҳшатга айланардим – Трамп

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманда умрида спиртли ичимлик, ҳаттоки пиво истеъмол қилмаганини айтди.  

“Мен спиртли ичимлик истеъмол қилмайман. Мен умримда ҳаттоки пиво ичмаганимни айта оламан. Бу яхши одатларимдан биттасидир”, деб айтган Трамп.

“Мен ҳаттоки бир бокал спиртли ичимлик ичмаганман. Мен бирор муносабат билан ҳам ичмаганман. Фараз қилинг, мен ичганимда нима бўларди? Қандай даҳшат бўлардим. Дунёдаги энг ёмон одамга айланган бўлардим. Мен ҳеч қачон ичмаганман, окей?”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти.   

Трамп буни CNN мухбирининг илтимосига биноан маълум қилган. Трамп АҚШ олий суди судьяси номзодига илгари сурган Бретт Кавано конгрессдаги эшитувларда бир неча йил аввал маст ҳолатда бир аёлга тегажоғлиқ қилгани юзасидан билдирилган айбловларга пивони яхши кўришини, бироқ ҳеч қачон маст бўлгунча ичмаганини айтган. Трамп шу муносабат билан CNN мухбирининг саволига Каванонинг бу одати унга хос эмаслигини айтган. 

CNN’нинг таъкидлашича, Трамп бир йил аввалги интервьюсида ичкиликбозлик билан муаммоларга эга бўлган акаси Фреднинг таъсири остида ҳеч қачон спиртли ичимлик ичмаганини айтган. Фред Трамп 1981 йилда 43 ёшида вафот этган.

Мавзуга оид