СУРТМА АҚЛ

Ҳеч ким она қорнидан авлиё бўлиб туғилмайди! Чунки билим мисқоллаб, тажриба вақтни харжлаб йиғилади. Биз буни яхши биламиз!

Эсимизни танибмизки, тезроқ катта бўлсак, деймиз. Юксакликка талпинамиз. Аммо юксала-юксала бир кун ногоҳ кифтимиз булутларга текканда илкис оёғимиз ердан узилади... ва... Ер-у осмон аро муаллақ қоламиз...

Муаллақ нарса омонат бўлади.

Омонат нарса, шаксиз, шамолларга эрмак бўлади.

Биз буниям биламиз!

Биз балониям биламиз!

Гурсиллаб ерга йиқиламиз-у шундаям паст келмаймиз: «Хом сут эмган бандамиз-да!» деймиз. Хом сут – зўр баҳона! Тўғрими?!

Модомики, сут ҳақида сўз очилган экан, хонаси келганда, бир гапни айтиб қўяй: она сутида гап кўп! Чинданам, гап кўп! Чунки она сути билан кирмаган ақл тана сути билан кирмайди.

Кир-май-ди!   

Шунинг учун нимаики яхши хислатимиз, нимаики яхши туғма инстинкт – кўникмамиз бўлса, энг аввало, оналаримиздан миннатдор бўлишимиз керак! Зотан, сиз-у бизни туртма ақлга муҳтож қилмаган, суртма ақлни жон томирларимизга қуйган илк устозимиз – оналаримиздир!

Донога – ишора. Мана, гапимнинг каштаси қай томонга «ўрмалаётгани»ни ҳам илғаб олдингиз. Мен бугун устозларимиз ҳақида сўз очмоқчиман.

УСТА КЎРГАН ШОГИРД ҲАР МАҚОМГА ЙЎРҒАЛАР

Сезиб турибман, шундай мақолни бузди-я, деб ўйлаяпсиз. «Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар эмасми?!» деб эътироз қиласиз. Аммо ишонинг, бироз шошяпсиз. Тўғри, сиз ҳақсиз. Қайси маънодаки, асил устознинг қадру қиммати ҳақидаги мақол бу! Устознинг қўлида зуваласи пишмаган хом-ғўра шогирднинг аҳволи вой экани ҳақидаги мақол бу! Аммо аслида ҳам шундайми?!

Эшитинг!

Ўтмишда ноғорачи ва доирачилар ёш раққос ва раққосаларни ноғоранинг «така-тум»и, доиранинг «гиж-банги»га ўргатганлар. Табиийки, орадан маълум вақт ўтгач, шогирдлар ноғора ва доиранинг ҳар бир мақомини нозик илғаб, унга монанд равишда рақс тушиш кўникмасини эгаллай боришган. Бора-бора бу ишнинг ҳадисини олишган. Бундан чиқдики, ҳар мақомга йўрғалаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан!