«Барселона» бугун Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-тури доирасида жиддий ўйинда майдонга тушади. Жамоа ички чемпионатда кейинги ўйинларни ўта муваффақиятсиз ўтказди.
Ишончсиз старт
Испания Ла Лигасида кейинги икки мавсумда 7 тур ўйинларидан кейин бир жамоа - «Барселона» турнир жадвалининг биринчи ўрнида турган. Аммо бу икки мавсумдаги кўрсаткичлар кескин фарқ қилади. Ўтган йили каталонияликлар жамоаси 7 ўйинда битта ҳам очко йўқотишмаганди ва тўплар нисбати 23-2 кўринишида бўлганди. Бу сафар эса бутунлай бошқа манзара: 7 ўйинда 21 очко ўрнига 14 (4-2-1). Тўплар нисбати эса 18-8.
Айтиш мумкинки, ҳозирда кўк-анорранглилар жамоаси пелотоннинг бошида кетмоқда ва рақиблар ҳам ортда қолдирилмаган. «Реал»да ҳам 14 очко ва мадридликлар тўплар нисбати туфайли иккинчи ўринда, учинчи ўриндаги «Севилья»да 13, тўртинчи ўриндаги «Атлетико»да 12 очко бор.
«Барселона» яна оқсай бошлагани сабаби нимада?
Кўрсаткичлар ўсиб, натижа пасайган
Жамоанинг икки мавсумдаги натижаларини солиштириш орқали юқоридаги саволга жавоб топиш мумкин. «Барселона» ҳужумкорлиги бу мавсумда янаям ўсган - жорий мавсумнинг 7 ўйинида каталонияликлар ўтган мавсумнинг 7 туридагига қараганда кўпроқ зарба беришган ва бу зарбаларнинг кўпроқ қисми дарвозага аниқ етиб борган: ўтган мавсумдаги 105 зарба/53 аниқ зарбага қарши бу мавсумдаги 124 зарба/60 аниқ зарба. Тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи ҳам ошган: 55,7 фоизга қарши 63,6 фоиз. Демак, гап вазиятларнинг голга айлантирмаётганида - вазиятлар яратилмоқда, аммо ҳужумлар гол билан якунланмаяпти.
Месси ва Суареснинг жимлиги

Кўк-анорранглилар жамоасининг асосий тўпурарлари бу мавсумда тўлиқ имкониятларидан фойдаланишмаяпти. Бир йил муқаддам мавсумнинг бу вақтида аргентиналик ҳужумчи чемпионат ўйинларида 11 гол уриб улгурганди, жумладан, «Эспаноль» дарвозасига ҳет-трик ва «Эйбар» дарвозасига покер. Ҳозир эса Месси атиги 5 гол урган ва унинг ҳужумдаги фаоллиги кескин тушиб кетган. Ўтган мавсумнинг бу даврида у 50та зарба бериб, шундан 25тасини дарвоза томон аниқ йўллаган бўлса, ҳозирги кўрсаткичи 31/16. Одатда мавсумни қийин бошлайдиган Суаресда ҳам кўрсаткичлар нисбатан пасайган: Ўтган мавсумда у 7 турнинг 4тасида майдонда бўлиб, 2 гол урганди. У ўша ўйинларда жами 13 зарба берган, шундан 6таси дарвоза томон аниқ борганди. Бу мавсумда эса 7 ўйинда ҳам майдонга тушиб, 3 гол урди, 20та зарба берди, шундан 10таси аниқ.















