Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида халқ таълими вазирининг «Умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши тўғрисида намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши тўғрисидаги намунавий низомга кўра, кузатув кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Вазирлик томонидан тавсия этилган номзодлардан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш;
        
таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;
        
таълим муассасаси раҳбарининг муассаса фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисоботларини вақти-вақти билан тинглаш;
        
таълим муассасаси раҳбарининг тақдимномаси бўйича йиллик молиявий режаларни, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва муассаса мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
        
ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;
        
ўқувчилар ва улар ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, умумтаълим муассасасининг педагог ва раҳбар ходимлари фаолияти тўғрисида ижтимоий сўровларни ўтказиш;
        
таълим муассасаси ўқувчиларининг ўқиши ва маънавий-маърифий, маданий ҳамда спорт бўйича камол топишларига, ушбу йўналишлардаги тадбирларда иштирок этишлари учун мавжуд шарт-шароитларни яхшилашда ота-оналар ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;
        
таълим муассасасида айрим ўқувчиларни камситиш, уларга зўравонлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ишлаб чиқиладиган дастурлар тайёрланишида иштирок этиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;
        
таълим муассасасининг фаолиятини ташкил этишга тааллуқли бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш.