Ўзбекистон | 01:24 / 06.10.2018
31144
3 дақиқада ўқилади

Пахта ҳосилини ҳашарчилар ёрдамида териб оладиган туманларда ҳар килограмм пахта учун яна 100 сўм пул берилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2018 йил ҳосили пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 30 августдаги №703-сонли қарорига ўзгартириш киритиш ҳақидаги»ги №798-сонли қарори қабул қилинди.

Янги қарор билан ҳукуматнинг 2018 йил №703-сонли қарорининг биринчи банди 4-хатбошисига ўзгартириш киритилмоқда.

703-сонли қарорнинг 4-хатбошисига кўра, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида (пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолият юритаётган ҳудудлардан ташқари) теримчиларни пахта йиғим-теримига қўшимча жалб этиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун теримчига қўшимча 150 сўм устама, ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари учун 150 сўм, жами 300 сўм тўланиши кўзда тутилган эди.

Киритилаётган ўзгаришга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида (қарор иловасига кўра, ёрдамчи кучларсиз (теримчиларсиз) териб оладиган туманлардан ташқари) қўлда териладиган бир килограмм пахта хомашёси учун теримчига қўшимча 100 сўм нақд пулда кунлик устама тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши, шунингдек, қўшимча тўланган тўловлар қишлоқ хўжалиги корхоналари билан якуний ҳисоб-китобларда ҳисобга олинмаслиги белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарори билан пахта хомашёси машинада терилганда, бир тонна учун 400 минг сўм, қўлда терилган бир килограмм пахта учун 650 сўмдан 1000 сўмгача ҳақ тўланиши белгиланган эди.

Бунда, теримчилар биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар 1 кг пахта хомашёсини терганида 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқичда – 80 фоиздан ортганда 1000 сўмдан иш ҳақи тўлаш белгиланди.

Шунингдек, аҳолиси кам бўлган ҳудудлар учун алоҳида тартиб белгиланиб, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида қўлда терилган бир килограмм пахта учун қўшимча 150 сўм, озиқ-овқат харажатларига 150 сўм, жами 300 сўм устама ҳақи тўланиши белгиланган эди. Масалан, пахта терим мавсумининг биринчи босқичиданоқ теримчилар юқорида қайд этилган ҳудудларда 1 кг пахта учун 950 сўмдан ҳақ олиши назарда тутилган. Мазкур ҳудудларда 1 кг қўлда терилган пахта хомашёси учун иккинчи босқичда 1150 сўм, учинчи босқичда 1300 сўмдан тўланади.

Ушбу маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан таъминланади. Шу мақсадда жамғармадан 246 млрд. 404 млн. сўм ажратилиши режалаштирилган эди.

Энду бу туманлардан ташқари, қарорда кўрсатиб ўтилган ҳудудларда ёрдамчи кучлар ёрдамида қўлда териладиган пахтанинг 1 килограмми учун биринчи босқичда 750 сўм, иккинчи босқичда 850 сўм ва учинчи босқичда 1100 сўм тўланади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид