10 октябрь куни ўзбекистонлик спортчилар Параосиё ўйинларида тўртинчи кунги баҳсларда иштирокларини ўтказишди.

Дзюдо
Бугунги баҳсларда 5 нафар дзюдочи ўз омадини синаб кўрди ва улардан икки нафари олтин медал, бир нафари кумуш медал ва яна икки нафари бронза медал олди. 

Куннинг биринчи ярмида -70 кг вазн тоифасидаги Ўзбекистон вакили Васила Алибоева финалда ҳиндистонлик рақибини мағлубиятга учратиб, йигирманчи олтин медални делегация ҳисобига қўшиб қўйганди.

Васила Алибоева - олтин медаль соҳибаси
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Куннинг иккинчи ярмида +70 кг вазн тоифасида Феруза Юсупова учинчи ўрин учун жангда ҳиндистонлик спортчини мағлубиятга учратди ва бронза медалини қўлга киритди.

-100 кг вазн тоифасидаги Шариф Халилов ҳам бронза учун гиламга чиқиб, мўғулистонлик спортчини мағлуб этди. 

Шариф Ҳалилов - бронза медаль соҳиби
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

-90 кг вазн тоифасида финал баҳсида қатнашган Шуҳрат Бобоев эронлик рақибига имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан кифояланадиган бўлди.

Шуҳрат Бобоев - кумуш медаль соҳиби
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

+100 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ширин Шарипов финалда эронлик рақибга қарши жанг қилди ва ғалаба қозонди ва делегация ҳисобига 21-олтин медални олиб берди.