Зарар етказмаслик – бу шифокорнинг асосий вазифаси. Буни у нафақат ҳозир ва шу ерда бажарадиган ҳаракатлари, балки кейинроқ юзага чиқадиган оқибатлари билан ҳам исботлаши керак.

Шифокорнинг хатти-ҳаракатлари инсон саломатлигига қандай эҳтимолий зарар етказиши мумкинлиги, беморни самарали даволайдиган дорилари мавжуд бўлмаган касалликларнинг вирусларидан ҳимоя қилиш масъулияти ҳамда вируслар юқишининг олдини олиш усуллари ҳақида тиббий асбобларда вируслар, бактериялар, замбуруғлар ва эндоспораларни инактивлаштирувчи қурилма муаллифи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наримон Ғуломович Ғуломов сўзлаб берди.

«Стоматолог, гинеколог, косметолог, маникюр ва педикюр устасига қилинадиган ҳар бир ташриф шифокор ёки устанинг асбоблари,албатта, инсон қонига тегишини кўзда тутади. Стоматолог қабулида ҳам бу нарса мавжуд, маникюр пайтида эса тасодифий кесилиб кетишлардан ҳеч ким кафолатланмаган.

Статистика маълумотларига кўра, одамларнинг ОИВ вируси, В ва С гепатитларини юқтириши, инфекцияга чалинганлар умумий сонининг 3-11% ҳолатида, жарроҳлик, стоматологик, офтальмологик, ларингологик, гинекологик ва бошқа кўплаб аралашувлар пайтида кўп марта қўлланадиган тиббий асбоблар орқали юз беради. Ҳа, инфекцияни юқтириш хавфи юқори, аммо беморларнинг айнан клиникаларда юқтирганлиги фактини исботлаб бўлмайди.

Хўш, беморнинг ОИВ, В ва С гепатити вирусларини эҳтимолий юқтиришининг олдини олувчи кўзга кўринмайдиган стериллик ва хавфсизлик кафолатини англатадиган тиббий асбоблар тозалиги учун ким жавобгар ҳисобланади?

Фақат шифокорнинг ўзи. Асбобларни мавжуд протоколга мувофиқ стериллаш ёки нафақат беморларни, балки ўзини ҳам инфекция юқтириш хавфига дучор қилиш – бу уларнинг танловидир. ЖССТ маълумотларига кўра, тиббий ходимлар ва гўзаллик салонлари ходимларининг зарарланган асбоблар орқали инфекция юқтириш хавфи жуда юқори. 

Юқори ҳароратлар ва кислоталар таъсири остида стериллашнинг турли усуллари тиббий асбобларни зарарсизлантиришнинг ишончли методлари ҳисобланади, бироқ улар асбобларнинг асосий хусусиятлари бўлган қаттиқлик, таранглик, тиниқлик ва бошқа хоссалари йўқолишига олиб келади. Композит материаллар, турли қотишмалар, шиша, пластик массадан тайёрланган термолабил асбобларни эса юқори ҳароратда ва кислоталар таъсири остида стериллаш мутлақо мумкин эмас. Оқибатда, асбобларга нисбатан бундай “тежамкорлик” туфайли тиббий ходимлар кўп ҳолларда ЎзР СанҚваНда белгиланган нормаларга зид равишда тўғри келмайдиган тозалаш усулларини қўллайди. Натижада асбобларда репликацияга, яъни организм ҳужайраларига кириб олиш ва кўпайишга қодир бўлган вирус зарралари сақланиб қолади.